Журналист ва блогерлар Олтиариқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилоят ҳокими ҳамда Ўзбекистон Республикаси Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори томонидан тасдиқланган медиа-тадбирлар режасига асосан оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида Олтиариқ туманига пресс-тур уюштирилди.
Олтиариқ туманида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, қишлоқ ва маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш ҳамда кичик бизнес ва оилавий тадбиркорлик фаолияти билан танишиш мақсадидаги пресс-тур давомида “Қапчуғай мевалари” агрофирмаси ҳамда Олтиариқ инновацион ҳудудига қарашли “Техно майдон”да йўлга қўйилган янги инновацион лойиҳалар билан танишилди.
[gallery-9279]
Олтиариқда етиштирилаётган сархил узумларни Жаҳон бозорида харидоргирлигини таъминлаш, маҳсулотни сақлаш ва унинг логистикасини янада такомиллаштириш бўйича туман тадбиркорлари доимий изланиш олиб бормоқда. Италия технологияси асосида ихчам ва жозибадор кўринишда қадоқланган Олтиариқ узумлари аллақачон Россия давлатининг бир нечта йирик шаҳарларида доимий мижозларига эга бўлиб улгурди.
Анъанавий усулда, ёғоч ва пластик яшикларда ташилган маҳсулотлар Россия савдо базаларида қайта қадоқланиб, йирик савдо маркетлари пештахтасига чиқарилар эди. Эндиликда маҳсулотларимизни Европа андозалари кўринишига келтириш учун қилинадиган маблағ сарфи ўзимизда қоладиган бўлди. Ушбу истиқболли лойиҳа келгусида оммалашиши, деҳқонлар етиштираётган маҳсулотларга қўшимча ишлов бериш билан боғлиқ юмушларни бажариш учун янги иш ўринлари пайдо бўлиши, пировардида аҳолининг моддий манфаатдорлиги ортиши мумкинлиги ўз тасдиғини топмоқда.
Таъкидлаш жоиз, Республикада инновацион ривожланишда етакчи, деб танланган 28 та туман туман-шаҳарлар сирасига Олтиариқ ҳам киритилган. Туманда ташкил этилган инновацион ҳудудга қарашли “Техно майдон”да бўлган киши бу танлов бежиз бўлмаганлигига гувоҳ бўлади. Изланувчан тадбиркор, олтиариқлик Раҳматжон Эркабоевнинг турли соҳалардаги ихтиролари бу борада яхши самара бермоқда. “Техно майдон”да жамланган инновацион кўргазмадан жой олган қурилиш ашёлари, аксессуарлар, энергия тежамкор ва муқобил энергия манбалари, шамол ва сув генераторлари олтиариқлик ишбилармонларнинг ихтиролари билан маҳаллийлаштирилмоқда.
Пресс-турда намойиш этилган “ақлли светофор” ишлаб чиқариш жараёни иштирокчиларнинг эътиборини тортди. Мобиль ҳамда қуёш паннелидан таъминланувчи светофорлар аллақачон Фарғона ва қўшни вилоятлар ҳудудларида йўлларда ҳаракатни тартибга солиш учун хизмат қилмоқда.
– Ҳозирги кунда кўзи ожиз инсонлар ҳаракатланадиган жойларда “гапирувчи светофорлар” ўрнатиш бўйича лойиҳамиз якунланмоқда, - дейди тадбиркор Раҳматжон Эркабоев. – Тез кунда бу светофорларни ҳам пиёдалар ўтиш йўлакчаларида учратишингиз мумкин.
“Техно майдон”да олий таълим ва касб-ҳунар мактаблари талабаларининг ҳам инновацион ишланмаларини амалиётга тадбиқ этиш учун шароит яратилган. Бу ерда “уста-шогирд” анъанаси асосида ёшлар ўз билим ва янги ғояларини мустаҳкамлайди.
Пресс-тур давомида маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, коммуникация ва йўл соҳасида амалга оширилаётган ишлар, Республика Дастурига киритилган лойиҳалар ҳақида ҳам батафсил маълумотлар берилди.
Кун давомида шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналист ва блогерлар иштирокида туман ҳокими ва секторлар раҳбарларининг матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда асосан туманда “маҳаллабай” ишлаш тизими бўйича амалга оширилаётган ишлар, янги иш ўринлари яратиш, камбағалликни қисқартириш ҳамда аҳоли турмуш тарзини ривожлантириш юзасидан бажарилган ва режадаги вазифалар хусусида фикр юритилди.
Муқимжон ҚОДИРОВ(сурат),ЎзА