Журналист, блогерлар маҳаллалар фаолияти билан таништирилди (видео)
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Фарғона вилоят бошқармаси оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида матбуот анжумани ва медиа-тур ташкил этди.
Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни тартибга солиш, уларни миллий урф-одат ва қадриятларимизга мувофиқ, ихчам ҳамда камхарж ўтказиш, оилавий тадбирларда ортиқча сарф-харажатларнинг олдини олиш масалалари муҳокама қилинди. Бу борада маҳалла фаоллари, кенг жамоатчилик ва мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигини кучайтириш муҳимлиги таъкидланди.

– Тўй-ҳашамларни ортиқча дабдаба билан ўтказиш, имкониятдан ортиқча сарф-харажат қилиш урфга айланиб бормоқда, – деди Фарғона вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бош мутахассиси Ёрқиной Шарипова. – Бу ҳолат янги оила қурган ёшларни иқтисодий инқирозга олиб келяпти. Унинг олдини олиш учун 10 мингга яқин аҳолини қамраб олган 3 мингдан ортиқ тарғибот-ташвиқот ишларини амалга оширдик. Натижада 850 та ихчам тўй ўтказишга эришдик.
[gallery-32694]
Шундан сўнг медиатур иштирокчилари Фарғона шаҳридаги «Тинчлик» маҳалла фуқаролар йиғинида «маҳалла еттилиги» аъзолари учун яратилган шарт-шароитлар билан танишдилар. Уларга аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, оилаларни қўллаб-қувватлаш, ёшлар билан манзилли ишлаш ва ҳудудда хавфсиз ижтимоий муҳитни шакллантириш борасидаги ишлар ҳақида маълумот берилди.
Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео, сурат), ЎзА