Журналист аёллар фаоллиги янада ошади
Андижонда жорий - «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да журналист аёлларнинг ижтимоий-сиёсий, касбий ва ижодий фаоллигини ошириш масалаларига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими ташаббуси билан вилоятдаги оммавий ахборот воситаларида, давлат, нодавлат ташкилотлари ахборот хизматларида фаолият юритаётган ҳамда соҳа фахрийси бўлган журналист аёллар иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 28 январдаги «2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги фармонида белгиланган вазифалар, журналист аёлларнинг касбий ва ижодий фаоллигини ошириш, яъни жамиятдаги жараёнларни тезкор, адолатли ёритиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Тадбирда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Андижон вилоят бўлими раиси Махпурахон Ортиқова ва бошқалар мамлакатимизда хотин-қизларга кўрсатилаётган эътибор, уларнинг самарали фаолият юритишлари учун яратиб берилаётган кенг имкониятлар ҳақида сўз борди. Матбуот соҳасида иш олиб бораётган опа-синилларимизни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ўз ижодий имкониятларидан тўлақонли фойдаланишларига кўмаклашиш, фаоллигини янада ошириш лозимлиги алоҳида таъкидланди.
[gallery-5731]
Тадбир иштирокчилари томонидан мазкур йўналишдаги ишлар кўлами ва самарадорлигини ошириш, илғор иш услубларини оммалаштириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Шунингдек, тадбирда Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими қошида фаолият олиб борувчи «Журналист аёллар» ижодий кенгаши таркиби сайланди ва кенгашнинг йиллик иш режаси ишлаб чиқилди.
Тадбирда андижонлик журналист аёллар ўзларининг ижодий фаолияти бўйича жорий йилда амалга ошириладиган муҳим вазифаларни белгилаб олди.
Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат),
ЎзА