Жуманиёз ЖАББОРОВ: “Танланган асарлар”
Ўзбекистон халқ шоири Жуманиёз Жабборовнинг “Танланган асарлар” китоби нашрдан чиқди.
Китобдан шоирнинг ўз даврида халқимизнинг севимли қўшиқларига айланган шеърлари, кўнгилга ошно ғазаллари, “Менинг оппоқ кабутарларим” ва “Уйқусиз кеча” драмалари, жаҳон адабиёти дурдоналаридан қилган таржималари, миллий адабиётимизнинг ёрқин намоёндалари – устоз, дўст, шогирдлари ҳақидаги самимий битик – хотиралари жой олган.
Китоб орқали чин маънода адиб ички оламига сафар қиласиз ва шоир ижодида бот-бот кўзга ташланиб турадиган бадиий тилнинг ўзига хослиги, тасвирий воситаларнинг бой, самимийлиги, ҳаққонийлиги қалбингизга кўчгандек бўлади, кўнглингиз ёришади.
Тасвиринг чизмоққа, Юртим, энг асил ранг истадим,
Таърифинг айтмоққа дилдан сирли оҳанг истадим.
Истадим дарёйи Сайҳун бирла Жайҳундан жило,
Ҳам баланд тоғдан пойингга тахти авранг истадим.
Сафҳа-сафҳа ахтариб олтин китоблардан жавоб,
Маънилар асроридан энг тоза фарҳанг истадим.
Мулки Гангу ё Фарангни бирма-бир кезганда ҳам,
Тўтиё қилмоққа ҳар томчию зарранг истадим.
Шаънингга бир тош отишни дилга тугса бир ёвуз,
Бадниятлар ҳолу аҳволин мудом танг истадим.
Неча юз минг қиз-йигитлар кўркида мавжуд ўзинг,
Неча юз гулшан аро озода чеҳранг истадим.
Бир томон Чотқолу Чортоқ, бир томон Ургут, Китоб,
Зомину Бахмал кезиб, ҳар фаслу лаҳзанг истадим.
Бунча иззат, бунча лаззатким кўнгилни ром этар,
Тасвиринг чизмоққа, Юртим, энг асил ранг истадим.
Устоз шоирнинг сара асарларидан жамланган “ТАНЛАНГАН АСАРЛАР”и адабиёт ва шеърият муҳиблари учун ўзига хос гулдастадир.
Умида Яхшибоева,
ЎзЖОКУ магистратурасининг 2-босқич талабаси