Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни мамлакат иқтисодий сиёсатида устувор йўналиш сифатида белгиланган. Бу жараёнда санитария ва фитосанитария чораларининг халқаро талабларга мослаштирилиши алоҳида аҳамият касб этмоқда. Бундай ўзгаришлар нафақат ташқи савдода техник тўсиқларни камайтириш, балки озиқ-овқат хавфсизлиги ва жамоат саломатлиги тизимини тубдан янгилашни ҳам тақозо этади. Мазкур вазифаларни амалга ошириш мақсадида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси томонидан сўнгги икки йилда кенг кўламли институционал, норматив ва техник ислоҳотлар амалга оширилди.
Санэпидқўм марказий аппаратида ЖСТ масалалари билан шуғулланувчи махсус бўлинма ташкил этилди ва ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини жадаллаштириш бўйича штабга мутахассислар бириктирилди. Бу институтционал ўзгаришлар халқаро нормаларни миллий қонунчиликка жорий этишда мувофиқлаштирилган ёндашувни таъминлаб, соҳадаги ишларни тизимли равишда юритишга хизмат қилмоқда.
ЖСТ талабларига мос равишда озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги норматив базани янгилаш ишлари изчил давом этмоқда. Codex Alimentarius стандартлари ва ЖСТнинг санитария ва фитосанитария чораларини қўллаш тўғрисидаги битими талабларини инобатга олган ҳолда “Озиқ-овқат маҳсулотининг хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. У манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишилган ва 2025 йил 5 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Сенатга юборилган. Ушбу қонун озиқ-овқат хавфсизлигини “даладан дастурхонгача” тамойили асосида давлат томонидан тартибга солишни белгилаб, GHP, GMP каби халқаро меъёрларни амалий жараёнга жорий этишни назарда тутади. Шу билан бирга, санитария-эпидемиологик ва ветеринария-санитария хулосаларини мажбурий тарзда олиш талаби бекор қилинмоқда. Бу эса ортиқча маъмурий юкни камайтиради ва халқаро савдодаги тўсиқларни қисқартиради.
Норматив базани мувофиқлаштириш жараёнини чуқурлаштириш мақсадида озиқ-овқат маҳсулотлари билан боғлиқ 4 та устувор санитария-қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари (СанҚваН) тасдиқланди. Жумладан, пестицид қолдиқлари, ифлослантирувчи моддаларнинг рухсат этилган максимал даражалари, озиқ-овқат қўшимчалари ва ҳайвонот маҳсулотларидаги ветеринария дори воситалари қолдиқларига оид тегишли стандартларга тўлиқ уйғунлаштирилди. Озиқ-овқат бизнеси операторларининг реестри ва хавф таҳлили асосида давлат назоратини амалга ошириш бўйича Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Адлия вазирлигида хулоса олиш жараёнидан ўтмоқда.
Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда лабораториялар имкониятларини кучайтириш алоҳида аҳамиятга эга. Осиё тараққиёт банки ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки кредитлари ҳисобига 62,7 млн. АҚШ долларига 9200 дан ортиқ лаборатория ускуналари харид қилинмоқда. Бундан ташқари, республикадаги 4 та референс лабораторияларда 21,5 млн. долларлик, ҳудудий 18 та лабораторияда 22,7 млн. долларлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бошланган. 2025 йилгача 6 805 дона замонавий асбоб-ускуналар лабораторияларга етказиб берилди ва ўрнатилди. Бугунги кунда 27 та лаборатория ISO/IEC 17025:2017 стандарти бўйича аккредитациядан ўтган. Шулардан 3 таси Туркиянинг TURKAK аккредитация маркази томонидан аккредитация қилингани халқаро бозорда таҳлил натижаларининг тан олинишини таъминлайди.
Санэпидқўм фаолиятида рақамли технологиялар жорий қилиниши ҳам жараёнларнинг шаффоф ва стандартлашган бўлишида муҳим омилга айланди. Жорий йилда 2,3 млн. АҚШ долларлик IT ускуналари харид қилинди, “UZINFOCOM” билан 800 минг долларлик электрон тизимлар ишлаб чиқилмоқда. Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг санитария-эпидемиологик хулоса талаб қилинадиган рўйхати 415 турга қисқартирилди. Электрон реестр ва хавфга асосланган назорат тизими озиқ-овқат бизнеси операторларини рўйхатдан ўтказиш, мониторинг қилиш ва электрон ҳужжат айланишини йўлга қўйиш имконини бериб, давлат назоратининг самарадорлигини сезиларли равишда оширмоқда.
Мутахассислар малакасини ошириш масаласи ҳам ислоҳотларнинг асосий таркибий қисмига айланди. 2025 йилнинг 11 ойида 218 нафар мутахассис қайта тайёрланди, 30 нафари хорижда малака оширди. ФАО, Codex Alimentarius Мақсадли жамғармаси, Европа Иттифоқининг “ASK Facility” дастури ва Халқаро савдо маркази каби ташкилотлар ҳамкорлигида 12 та семинар ва тренинг ўтказилиб, 600 дан зиёд мутахассис, олим ва озиқ-овқат бизнеси вакиллари иштирок этди. Бу тадбирлар халқаро стандартларни амалиётга жорий этишда кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
ЖСТга аъзо мамлакатлар томонидан йўлланган санитария ва фитосанитария чораларига оид саволларга Ўзбекистон томонидан ўз вақтида жавоблар тақдим этиб келинмоқда. 2025 йил 4-7 ноябрь кунлари Женевада бўлиб ўтган ишчи гуруҳнинг 11-йиғилишида Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида тақдимот ўтказилгани мамлакатнинг ЖСТ билан очиқ ва фаол мулоқотдан манфаатдор эканини кўрсатади.
Юқорида қайд этилган барча тадбирлар Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини техник ва институционал жиҳатдан таъминлаб, озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида замонавий, шаффоф ва халқаро талабларга жавоб берадиган тизимни барпо этишга хизмат қилмоқда. Бу эса нафақат ташқи савдони янада эркинлаштириш, балки мамлакат аҳолиси учун хавфсиз ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини таъминлашда ҳам муҳим омил сифатида намоён бўлади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА