ЖССТ узоқ таъсир этувчи инъекцион дорилар стандартларини эълон қилди
Дунёда сил касаллигини даволаш ва унинг олдини олиш жараёнларини тубдан соддалаштиришга қаратилган муҳим қадам қўйилди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) узоқ таъсир этувчи инъекцион дори воситаларининг янги мақсадли режим профилларини тасдиқлади.
Маълумки, сил касаллигини даволаш ва профилактика қилишда ҳар куни маълум бир дорилар бир неча ойлар давомида қабул қилинади. Бу, кўплаб беморлар учун узоқ вақт давомида муолажага қатъий риоя қилишда муайян қийинчиликларни келтириб чиқаради. Худди шундай ёндашув илгари ОИВ инфекциясини даволаш амалиётини тубдан ўзгартириб юборгани каби, узоқ таъсир этувчи инъекцион дорилар (LAI) ҳам сил дориларини қабул қилувчи инсонлар ҳамда соғлиқни сақлаш тизими зиммасидаги юкни кескин енгиллаштириши мумкин. Айни пайтда силга қарши шундай янги дори воситаларининг бир нечта номзодлари клиник ривожланиш босқичида.
ЖССТнинг ОИВ, сил, гепатит ва жисмоний йўл билан ўтадиган инфекциялар департаменти директори Тереза Касаеванинг таъкидлашича, бундай узоқ таъсир этувчи инъекциялар силнинг олдини олиш ва уни даволашни эҳтиёжманд инсонлар учун анча соддалаштиради. Янги эълон қилинган профиллар тадқиқотчилар ва фармацевтика ишлаб чиқувчиларига янги дорилар ўз самарадорлиги, хавфсизлиги ҳамда беморнинг эркин танлов ҳуқуқини сақлаб қолган ҳолда амалиётда қандай натижа бериши кераклигини олдиндан кўрсатиб беради.
Ушбу мақсадли режим профиллари (TRP) фармацевтика саноати, илмий доиралар, тадқиқот муассасалари, донорлар ҳамда силдан жабр кўрган жамоалар ва фуқаролик жамияти ташкилотлари учун мўлжалланган бўлиб, ҳар бир дори воситаси учун минимал ва энг мақбул оптимал талабларни аниқ белгилайди.
Ҳужжатга кўра, сил профилактикаси учун мўлжалланган профил тўлиқ курсни ягона мулоқотда битта инъекция орқали беришни назарда тутади. Сил касаллигини даволаш профили эса уч ёки ундан камроқ муолажа орқали тўрт ойдан ошмайдиган режимни қамраб олади. Ҳар иккала йўналишда ҳам соғлиқни сақлаш тизимининг қуйи бўғинидаги тайёрланган мутахассислар томонидан кичик ҳажмли инъекциялар амалга оширилади.
ЖССТ қошида тузилган илмий гуруҳ томонидан халқаро тадқиқотлар, жамоатчилик муҳокамалари ва кенг қамровли сўровномалар асосида ишлаб чиқилган мазкур ёндашув келгусида беморлар учун танлов эркинлигини сақлаб қолади ва даволаниш жараёнларининг янада қулай ва самарали бўлишига хизмат қилади.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА