
Дональд Трамп Оқ уйга қайтгач, АҚШ халқаро ташкилотларга ажратаётган мамлағни қисқартириш ёки умуман аъзоликни тўхтатиб, бадал тўламаслик сиёсатини юритмоқда. Натижада кўплаб жамғармалар молиявий таъминотни қисқартириб, тежамкорлик сари қадам ташлашга мажбур бўлмоқда.
Бинобарин, фаолият қисқариши бажарилаётган иш кўламини ҳам чеклайди. Масалан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти АҚШ аъзолик ва донорлик мажбурияти тўхтатилишини эълон қилгач, маблағ етишмовчилиги шароитида ишлаяпти.
“Франс Пресс” агентлиги ЖССТ раҳбари Тедрос Адханом Гебрейесуснинг ички электрон почтасига таяниб ёзишича, яқинда тузилма раҳбарияти йиллик бюджетни 20 фоиздан кўпроқ қисқартириш, ходимлар сонини ҳам камайтиришни таклиф қилган.
– Фақат шу йилнинг ўзида қарийб 600 миллион доллар йўқотилди, – дейилган баёнотда. – Шу боис, 4,2 миллиард долларлик бюджетни яна қисқартириш таклифи киритилди. Бу кўзланган миқдордан 21 фоиз кам.
Қисқаси, ЖССТда фаолияти кўлами ва ходимлари сонини қисқартиришдан бошқа чора йўқ.

– Қисқартириш қароргоҳдан, юқори бошқарувдан бошланади, аммо барча даража ва минтақаларга таъсир қилади, – дейилган Гебрейесус мактубида. –АҚШ ташкилотни тарк этиш бўйича қарор қабул қилишидан олдин ҳам молиявий қийинчиликни бошдан кечираётгандик.
Гебрейесус молиявий муаммога ечим излашга тўққиз ой олдин киришганини айтди.
Трамп мамлакат ЖССТдан чиқиши ҳақидаги фармонни имзолади. Янги маъмурият мазкур тузилма етарли даражада самарали эмаслиги, сиёсий таъсир остида экани ва Қўшма Штатлардан жуда кўп маблағ сўраётганини таъкидлаган.

Яқинда оммавий ахборот воситалари ЖССТнинг 2025 йил учун бюджети тақчиллиги сабабини очиб берди.
Эълон қилинган маълумотга кўра, АҚШ тўлови тўхтатилиши ортидан ташкилот бюджети тақчиллиги 2025 йил 600 миллион, 2026-2027 йилларда эса 1,9 миллиард долларни ташкил этади.
– Январь ойида Трамп АҚШ глобал соғлиқни сақлаш агентлигидан чиқишини эълон қилди, бироқ ушбу қарор фақат 2026 йил январдан кучга киради, – деб ёзган журналистлар.
С.Раҳимов, ЎзА