Жорий йилги Камолиддин Беҳзод номли давлат стипендияси ғолиблари аниқланди
Ўзбекистон Бадиий академияси Эксперт гуруҳи томонидан бадиий таълим йўналишлари мавжуд давлат олий таълим муассасаларининг жами 20 нафар талабгорлар йиғма жилдлари ҳамда давлат стипендиясини тайинлаш ҳақидаги тавсияномалари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 6 ноябрдаги “Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендиясини таъсис этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Камолиддин Беҳзод номидаги Давлат стипендиясини тайинлаш бўйича ўтказилган танловда Эксперт гуруҳининг тегишли қарори билан 7 нафар иқтидорли ва ижодкор талабалар тегишли танлов йўналишлари бўйича ғолиб деб топилди.
Жумладан, Термиз давлат университети 2-курс талабаси Мубина Абдулазизова “Дастгоҳли рангтасвир” йўналиши бўйича, Андижон давлат педагогика институти 3-курс талабаси Обидахон Юсупова “Рангтасвир” йўналишида, Қўқон давлат университети 2-курс талабаси Хосиятхон Иномова “Графика ва миниатюра” йўналишида, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти 3-курс талабаси Феруза Жуманиёзова “Ҳайкалтарошлик” йўналишида, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти 3-курс талабаси Фарангиз Олимжонова “Амалий санъат” йўналишида, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети 3-курс талабаси Меҳригул Аманиязова “Дизайн” йўналишида ҳамда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти 3-курс талабаси Жавоҳир Бекберганов “Санъатшунослик ва музейшунослик” йўналиши бўйича ғолиб бўлди.
Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендиясининг соҳиби гувоҳномаси Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан жорий йилнинг 20 августига қадар топширилади.
Г.Бобоева,
ЎзА