Жорий йилда ҳам ўсиш кузатилмоқда
Жиззах вилоятининг Яккакураш спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактабида жорий йилнинг саккиз ойи якунларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоят спорт бошқармаси мутасаддилари, шаҳар ва туман спорт мактаблари раҳбарлари, мураббийлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Матбуот анжуманида вилоят спорт бошқармаси бошлиғи ўринбосари Абдуғаффор Ҳосилмуродов сўзга чиқиб, вилоятда спортни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, яратилаётган имкониятлар ҳамда ёш авлоднинг спортга жалб этилиши ҳақида батафсил маълумот берди.
Таъкидланишича, бу йил жиззахлик спортчилар жаҳон ва Осиё чемпионатлари, халқаро мусобақаларда жами 177 та медални қўлга киритган бўлиб, улардан 48 таси олтин медалдир.
Бундай ютуқлар замирида фидокор спортчи ва мураббийларнинг меҳнати мужассам. Хусусан, Самария Шокирова (қиличбозлик), Жаҳонгир ва унинг синглиси Азиза Зокировлар (бокс), Динора Ҳасанова, Гулмира Холмирзаева ва Саодат Қорабоева (дзюдо), Солиҳа Тоҳирова (таэквондо), Дмитрий Бочаров (велоспорт) каби спортчиларнинг иштироки ҳал қилувчи аҳамият касб этди. Уларга мураббийлар — Ҳамроз Холмуродов, Наргиза Азимова, Фотима Холмирзаева ва Анвар Ортиқбоевларнинг ҳам муносиб ҳиссалари қўшилди.
[gallery-25302]
Йил бошидан буён вилоятда оғир тоифадаги маҳаллаларда 5 та спорт майдончаси қуриб, фойдаланишга топширилди. Шунингдек, “Tashabbus.sport.uz” платформаси асосида 13 та, “Беш ташаббус” олимпиадаси доирасида эса 7 та спорт объекти қурилиши давом этмоқда.
Айниқса, ёшларни оммавий спортга жалб этишда “Беш ташаббус” олимпиадаси муҳим роль ўйнамоқда. Жорий йилги мусобақа 250 мингдан зиёд жиззахлик ёшларни қамраб олди. Улардан 9 нафари республика босқичида совриндорлар сафига кирди. Бу ўз навбатида, ёш авлод ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва спортни оммалаштиришдаги саъй-ҳаракатларнинг амалдаги натижасидир.
Анжуманда шунингдек, соҳа олдида турган муаммолар — инфратузилмани яхшилаш, ёш мураббийларни тайёрлаш, спорт мактабларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш масалалари юзасидан фикрлар алмашилди.
Мутасаддилар журналистларнинг саволларига жавоб беришар экан, келгуси истиқболдаги вазифалар хусусида ҳам ахборот беришди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбири