Жондорлик нуронийлар Ғиждувонда
Бухорода Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 34 йиллиги тантаналари арафасида Жондор туманида яшовчи бир гуруҳ нуронийлар ҳамда уюшмаган ёшлар вакиллари Ғиждувон туманида бўлди.

Жондорликларнинг Ғиждувонга сафари “Етти Пир” силсиласига мансуб Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний зиёратгоҳини зиёрат қилишдан бошланди. Муқаддас қадамжода юртимиз тинчлиги-осойишталиги, халқимиз бахт-саодати, турмуш фаровонлигини тилаб қилинган дуолардан сўнг зиёратда меҳмонларга авлиё сиймосининг нурли ҳаёт йўли, халққа хизмати ва илм-маърифат тарғиботидаги беқиёс ўрни хусусида батафсил маълумот берилди.
Жондорлик меҳмонлар сафари бир нечта объектда тиғиз дастур ва кун тартиби асосида кечди. Жумладан, “Нуронийлар маскани”да “Бир нуроний ўн ёшга масъул” лойиҳаси доирасида “Кексаларнинг ҳаёти биз учун ибрат” мавзусидаги учрашув ташкил қилинди. Ҳудуддаги “Чорсу” маҳалла фуқаролар йиғинида фаол нуронийларнинг “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури асосида камбағал оилалар билан олиб бораётган амалий ишлар бўйича тажриба алмашилди.

Шундан сўнг, Маънавият ва маърифат масканида бўлиб ўтган “Китобхонлик оиладан бошланади” деб номланган ижодий учрашув ва шеърхонлик йиғилганларда катта таассурот қолдирди. Уч авлод вакиллари, яъни меҳнат фахрийлари ва уюшмаган ёшлар вакиллари спортнинг шахмат-шашка турлар бўйича баҳсларга киришди. Мусобақада қирққа яқин иштирокчи ўз имкониятларини синовдан ўтказди. Ғолиблар ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Икки туман вакилларининг дўстона учрашув ва маънавий-маърифий тадбирлари тантаналар уйидаги концерт, нуронийлар ва ёшлар фольклор жамоалари чиқишлари билан янада файзли бўлди. Бунда вилоят ва туманнинг хушовоз хонандалари, маданият уйи бадиий жамоаси ўз репертуари билан йиғилганларга хуш кайфият улашди.
Шу куни жондорлик меҳмонлар савдо-тижоратчилар, ҳунармандлар юрти бўлмиш Ғиждувонда сўнгги йилларда қад ростлаган мустақиллик иншоотлари, янгиланишлар, корхона ва муассасалар, тадбиркорлик иншоотлари билан яқиндан танишди. Муҳими, бу маънавий-маърифий сафар ҳамда учрашув нуронийлар тажрибаси билан ёшлар жасоратини уйғунлаштириб, авлодлар ўртасидаги руҳий боғланишни янада кучайтиришга хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.