Жо Байденнинг президент сифатидаги сўнгги нутқи
Жо Байден AҚШ Президенти сифатидаги охирги нутқида америкаликларни бойлик ва ҳокимият олигархлар кичик доираси қўлида тўпланиши хавфидан огоҳлантирди. Бу ҳақда “Еuronews” ёзган.
Кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари фикрича, у исмини тилга олмаса-да, миллиардер Илон Маскни назарда тутяпти.
Халқ билан хайрлашув нутқида етакчи Aмерикага кучли таъсирга эга ўта бойлар олигархияси таҳдид солаётганига эътибор қаратди. Унинг маърузасида 1961 йил ҳарбий-саноат мажмуаси хавфидан огоҳлантирган, собиқ президентлардан бири Дуайт Эйзенхауэрнинг сўнгги нутқига ишора бордек.
Байденнинг фикрича, у (Маск – таҳририят) ижтимоий тармоқни бошқаради, бундай манбалардан “америкаликларга нотўғри маълумот кўчкиси келиб, ҳокимиятни суистеъмол қилиш учун шароит яратилади”. Шу билан бирга, “эркин оммавий ахборот воситалари қулаб тушмоқда, ижтимоий тармоқ эса фактни текширишдан бош тортмоқда”.
17 дақиқалик чиқишида истеъфога чиққан етакчи ўз вориси Дональд Трамп ёки унинг атрофидагилари исмини тилга олмади.
Дарҳақиқат, миллиардер Илон Маск янги лавозимида, Ҳукумат самарадорлиги идораси раҳбари сифатида Трамп маъмуриятига сезиларли таъсир кўрсата олишига кўпчилик шубҳа қилмаяпти.
Шунга қарамай, Байден Aмерика демократик институтлари мустаҳкамлигига ишонишини ҳам таъкидлади. Мурожаати якунида халқ, оиласи ва тарафдорларига президент сифатида хизмат қилишдек “буюк шараф” учун миннатдорлик билдирди, ёшларни белгилаб берилган тамойиллар ва институтларни ҳимоя қилишга чақирди.