Жиззахнинг бой ҳунармандчилик мероси намойиш этилди
Ўзбекистон амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейида “Музейлар ҳафталиги” доирасида Жиззах вилоятининг бой ҳунармандчилик меросига бағишланган “Жиззах ҳунармандчилиги: унутилаётган анъаналар ва қайта тикланаётган мерос” номли тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги ва “Ҳунарманд” уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Жиззах вилоятида асрлар давомида шаклланган анъанавий ҳунармандчилик мактабларини кенг жамоатчиликка таништириш, унутилиш хавфи остида турган ҳунар турларига эътибор қаратиш ҳамда миллий маданий меросни асраб-авайлаш ва келажак авлодга етказишни кенг тарғиб қилиш юзасидан маърузалар қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистон амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейи фондида сақланаётган Жиззах вилоятига оид амалий санъат намуналари, кулолчилик буюмлари намойиш этилди.
[gallery-31212]
Жумладан, экспозиция орқали Жиззах кулолчилигига хос шакл, безак ва бадиий ечимлар, маҳаллий услубнинг ўзига хос хусусиятлари, ҳунармандчиликнинг ҳудуд аҳолиси турмуш тарзи ва маданий ҳаёти билан боғлиқ жиҳатлари ёритилди.
Тадбирда қайд этилганидек, музей тўпламидаги ашёларни замонавий ҳунармандлар ижоди билан уйғун ҳолда намойиш этиш орқали анъанавий ҳунарларнинг нафақат тарихий мерос, балки бугунги ижодий жараён учун ҳам муҳим манба экани кўрсатилди.
Шу билан бирга, Жиззах вилоятида фаолият юритаётган ҳунармандларнинг ижодий ишлари, сақлаб келаётган анъаналари ва миллий ҳунарларни давом эттириш борасидаги тажрибалари намойиш этилди.
Тадбирнинг муҳим қисми сифатида ҳунармандлар иштирокида маҳорат дарслари ташкил этилди.
Жумладан, меҳмонлар “Гиламдўзлик”, “Қўл каштачилиги”, “Ёғоч қошиқлар ва ўйинчоқлар”, “Миллий тақинчоқлар”, “Миллий либослар” каби йўналишларда ҳунармандчилик буюмларининг яратилиш жараёни билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлди.
Маҳорат дарсларининг асосий мақсади тайёр буюмни намойиш этиш билан чекланиб қолмасдан, унинг ортида турган меҳнат, маҳорат, анъана ва ҳунар сирларини кенг жамоатчиликка етказишдан иборат бўлди.
Ташриф буюрувчилар ҳунармандлар билан бевосита мулоқот қилиш, анъанавий усулларни кузатиш ва айрим жараёнларда ўзлари иштирок этиш имкониятига эга бўлади. Бу эса, ўз навбатида, устоз-шогирд анъаналарини ривожлантириш, ёшларни миллий ҳунармандчиликка қизиқтириш ва амалий билимларни авлоддан-авлодга етказиш учун муҳим майдон яратди.
Гулноза Бобоева, Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА