Пойтахтимиздаги «Чиғатой» футбол мактаби майдонида 17 ёшгача бўлган қизлар жамоалари ўртасида бошланган мамлакат чемпионати баҳслари ниҳоясига етди.
6 кун давом этган футбол беллашувлари кескин ва муросасиз ўтди. Якунда биринчи ўрин ҳамда мамлакат кубоги Жиззахнинг «So’g’diyona W» жамоасига насиб этди. Жиззахликлар финал баҳсида Олмалиқнинг «OKMK W» клуби билан майдонга тушди. Қизиқарли ўйин 1:0 ҳисобида «So’g’diyona W» фойдасига ҳал бўлди. 3-ўрин учун «Sevinch» «Bunyodkor W» билан баҳслашди. Асосий вақтда 1:1 натижаси қайд этилгани боис, томонлар пенальтилар сериясига мурожаат қилишди. Дарвозага гол киритишда қашқадарёлик қизлар аниқ ҳаракат қилишиб (5:4), бронза медалига сазовор бўлдилар.
Шунингдек, мамлакат чемпионати баҳсларида ёрқин ўйинлар намойиш этган жамоа футболчилари, мураббийлар турли номинациялар бўйича ғолиб бўлдилар.
[gallery-20158]
Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан таъсис этилган медаль, кубок ҳамда диплом билан тақдирланди.
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА