Жиззахлик олимларнинг транспорт лойиҳаси халқаро ҳафталикда ғолиб бўлди
Жиззах политехника институти олимларининг транспорт тизимини такомиллаштиришга қаратилган лойиҳаси «ИнноWеэк–2026» ҳафталигида ғолиб бўлди. Озарбайжон техника университети билан ҳамкорликда тайёрланган ушбу ишланма 1,8 миллиард сўмдан зиёд грант маблағини қўлга киритди.
Пойтахтимизда “Ўзгараётган дунё учун илғор инновациялар” шиори остида ўтказилаётган “InnoWeek–2026” халқаро инновацион ғоялар ҳафталигида Жиззах политехника институти вакиллари ҳам муносиб иштирок этмоқда.
Ҳафталик доирасида давлат буюртмаси асосида ўтказилган илмий лойиҳалар танлови натижаларига кўра, институт олимлари Озарбайжон техника университети билан ҳамкорликда тайёрлаган амалий ишланма ғолиблар сафидан жой олди. Тадбир давомида мазкур ютуқни тасдиқловчи сертификат институт вакилларига тантанали равишда топширилди.


“Аҳоли учун қулай ва инклюзив ҳаракатчанлик – транспорт тармоғи режасини такомиллаштириш [шаҳар транспорт ҳаракатчанлигини тадқиқ этувчи дастурий мажмуа ишлаб чиқиш]” деб номланган лойиҳа шаҳарларда транспорт ҳаракатини самарали ташкил этишга қаратилган.


Лойиҳа доирасида шаҳар транспорти ҳаракати чуқур таҳлил қилинади. Шунингдек, мавжуд тармоқлар фаолиятини такомиллаштириш ҳамда аҳоли учун қулай ҳаракатланиш имкониятларини кенгайтирувчи дастурий таъминот яратилади.

Лойиҳанинг молиявий қиймати 1 миллиард 869 миллион сўмга тенг. Ишланманинг амалий йўналиши транспорт инфратузилмасини режалаштиришда таҳлилий ёндашувларни қўллаш ва ҳаракатланиш имкониятларини янада қулайлаштиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Ушбу натижа институтда илмий изланишлар ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган фаолиятнинг навбатдаги самараси бўлди. Лойиҳанинг ҳафталикда эътироф этилиши олий таълим муассасасидаги илмий ишланмаларнинг амалий аҳамиятини ҳам намоён этди.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири