Жиззахга кўчиб келишга қизиқиш ортиб бормоқда
2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистонга хорижий давлатлардан доимий яшаш мақсадида келаётганлар сони барқарорлигича сақланмоқда. Миллий статистика қўмитаси маълумотига мувофиқ, ўтган йил давомида жами 1 159 нафар хорижий фуқаро мамлакатимизда яшашни танлаган.
Ҳудудлар кесимидаги кўрсаткичлар Жиззах вилоятига бўлган қизиқиш ҳам изчил шаклланаётганини кўрсатади. Хусусан, 2025 йилда вилоятга 12 нафар хорижий фуқаро доимий яшаш учун кўчиб келган.
Эътиборлиси, мазкур кўрсаткич Жиззах вилоятини айрим ҳудудларга нисбатан устун позицияга олиб чиққан. Жумладан, у Навоий вилояти билан бир хил натижани қайд этган бўлса, Бухоро (11 нафар), Хоразм (7 нафар), Қашқадарё ва Самарқанд (2 нафардан), Наманган (1 нафар) вилоятларидан юқори кўрсаткични намоён этган.
Мутахассислар фикрича, бу натижалар ҳудудда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар самараси билан боғлиқ. Жумладан, саноат ва қишлоқ хўжалиги тармоқларидаги лойиҳалар, янги иш ўринлари яратилиши, шунингдек, транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасининг изчил ривожлантирилиши Жиззахнинг жозибадорлигини оширмоқда.
Шу тариқа, вилоятга кўчиб келувчилар сони унчалик катта бўлмасада, унинг бошқа айрим ҳудудларга нисбатан юқорироқ экани Жиззахнинг инвестициявий ва ижтимоий салоҳияти тобора мустаҳкамланаётганини кўрсатади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири