Жиззахдан АҚШ бозорига рақамли кўприк
Янги Ўзбекистонда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, ахборот технологиялари соҳасига халқаро инвестициялар ва замонавий хизматларни жалб этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу жараён нафақат иқтисодиётнинг янги драйверларини шакллантирмоқда, балки ёшлар учун юқори даромадли, интеллектуал меҳнатга асосланган иш ўринларини яратиш, хизматлар экспортини кенгайтириш ва мамлакатимизнинг халқаро IT бозоридаги ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Жиззах вилоятида ҳам бу борада амалий ишлар изчил давом этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида Жиззах шаҳрида IT Park резиденти бўлган “DMGB Log Service” компаниясининг тантанали очилиши ана шу эзгу мақсадларнинг яна бир амалий ифодаси бўлди. Мазкур лойиҳа ҳудудда рақамли хизматлар экспортини кенгайтириш, замонавий BPO хизматларини ривожлантириш ҳамда ёшларни халқаро меҳнат бозори талабларига мос касбларга жалб этиш йўлидаги муҳим қадам сифатида эътироф этилмоқда.

Тантанали маросимда Жиззах вилояти ҳокимининг рақамли технологиялар ва сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Озод Бобомуродов, IT Park Ўзбекистон директори ўринбосари Жаҳонгир Кагиров, Рақамли технологиялар вазирлиги Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси раҳбари Маҳмуд Ғиёсов, “DMGB Log Service” компанияси асосчиси ва бош директори Григорий Мирзоев, соҳа вакиллари ҳамда ёшлар иштирок этишди.
Тадбирда қайд этилганидек, корхона BPO (Business Process Outsourcing) йўналишида фаолият юритади. Компания АҚШ ҳудудида штатлараро юк ташиш жараёнларини мувофиқлаштириш ва бошқариш бўйича диспетчерлик хизматларини кўрсатади. Бу эса Жиззахда хизматлар экспортини кенгайтириш, экспортбоп IT хизматлари ҳажмини ошириш ва халқаро буюртмаларни маҳаллий мутахассислар иштирокида бажариш имкониятларини янада кенгайтиради.

Расмий очилиш маросимидан сўнг рамзий алвон боғич қирқилиб, иштирокчилар компания офиси билан танишишди. Уларга иш жараёнлари, замонавий техник инфратузилма, хизматларни ташкил этиш тизими ва ходимлар учун яратилган меҳнат шароитлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Бош директор Григорий Мирзоев ўз чиқишида “DMGB Log Service”нинг асосий мақсади Жиззахда халқаро стандартлар асосида фаолият юритадиган замонавий BPO марказини шакллантириш эканини таъкидлади. Унинг қайд этишича, бугун компанияда 26 нафар мутахассис меҳнат қилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан иш ўринлари сонини 50 тага етказиш, кейинги босқичда эса 100 нафаргача кенгайтириш режалаштирилган. Шунингдек, истиқболда компания филиалларини Жиззах вилоятининг бошқа ҳудудларида ҳам ташкил этиш кўзда тутилган. Бу ташаббуслар юзлаб ёшларни замонавий касбларга жалб этиш, уларнинг доимий бандлигини таъминлаш ва ҳудуднинг экспорт салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Григорий Мирзоевнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, IT соҳасини давлат томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёшлар учун яратилаётган имкониятлар ҳамда IT Park экотизими халқаро компаниялар учун қулай муҳит яратмоқда. Шу боис компания ўз фаолиятини кенгайтириш ва янги лойиҳаларни айнан Жиззах вилоятида амалга оширишни стратегик йўналишлардан бири сифатида белгилаган.
Мутахассислар фикрича, мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши иқтисодий самара билан бирга, халқаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш нуқтаи назаридан ҳам аҳамиятлидир. Зеро, АҚШ бозори учун юқори қўшилган қийматга эга хизматларни Ўзбекистонда туриб кўрсатиш мамлакатимиз IT салоҳиятига бўлган ишончни мустаҳкамлайди, экспорт географиясини кенгайтиради ва Ўзбекистон ҳамда АҚШ ўртасидаги дўстона ҳамкорликни амалий лойиҳалар билан бойитишга хизмат қилади.

Энг муҳими, бундай ташаббуслар рақамли иқтисодиёт ривожини янги босқичга олиб чиқиш, ёшларни юқори малакали касбларга йўналтириш, уларнинг даромад манбаини ошириш ва мамлакатимизда инсон капитали салоҳиятини янада юксалтиришга мустаҳкам замин яратмоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири