Жиззахдаги “Янги Ўзбекистон” массиви қаерда барпо этилади?
Президентимиз жорий йил 9 ноябрь куни ўтказган видеоселектор йиғилишида ҳудудларда “Янги Ўзбекистон” массивлари ҳамда “Янги Ўзбекистон” боғи умумлашган ҳолда ташкил этилиши бўйича топшириқ берган эди. Шунга асосан Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманидаги М-39 Тошкент-Термиз автомагистрал йўли ёқасидаги ер майдони танланди.
Жиззах вилояти аҳолисининг йиллик ўсиш суръатлари таҳлилига кўра, ўтиб бораётган 2021 йилда Жиззах шаҳри аҳолиси 180 минг 700 кишини, (йиллик ўсиш сурати 1,9 фоизни) ва Шароф Рашидов тумани аҳолиси 226 минг 100 киши (йиллик ўсиш сурати 2,6 фоиз)ни ташкил этмоқда. Ўсиш юқорилиги боис Жиззах шаҳар ва Шароф Рашидов туманига чегарадош бўлган кичик саноат зонаси, ёшлар ва мебель саноат зоналари ривожланаётган, транспорт логистикаси қулай бўлган ҳудуд танланди.
Тобора яқинлашиб келаётган 2022 йилда 14 та ҳар бири 80 хонадонли 16 қаватли уй-жойлар янги тизим асосида “қурилиш кластери” томонидан амалга оширилади.
Ҳудудни коммуникация тармоқлари билан таъминлаш бўйича 5,4 километр йўл, 1,5 километр ичимлик суви, 2 километр канализация тармоғи ва 1 та 1 минг метр куб локал оқова тизими, 2,5 километр электр тармоғи, 8 километр табиий газ тармоғи ва 7,3 километр алоқа тармоғи тортиш ишлари амалга оширилади.
Шунигдек, аҳоли яшаш шароитини яхшилаш борасида “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида ҳудудларнинг архитектура қиёфасини янгилаш ва ҳудудларни ободонлаштириш мақсадида вилоят бўйича 23 та қишлоқ ва 3 та маҳалла танлаб олинган.
Ушбу дастур доирасида келгуси 2022 йилда – 187 километр ички йўллар таъмирланади (шундан, 68 километр асфальтбетон ва 119 километр тупроқ йўлга шағал ётқизилади).
Қишлоқ ва маҳаллаларда жами 191,3 километр ичимлик сув ва оқова суви тармоқлари ҳамда 47 та иншоот қурилиб, реконструкция қилинади. 7,6 километр ирригация тармоқларида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилади.
84,9 километр электр тармоқлари тортилиб, 48 та трансформатор янгидан ўрнатилади ва 2 минг 65 дона таянч устунлари ҳолати яхшиланади.
11 километр газ тармоқлари ҳамда 48 та газ тақсимлаш пункти, 33,2 километр алоқа тармоғи таъмирланади.
Бундан ташқари, ижтимоий соҳа инфратузилмасини яхшилаш доирасида 4 та мактабгача таълим муассасаси, 16 та мактаб, 15 та тиббиёт муассасаси қурилади ва таъмирланади.
Ҳудудларни ободонлаштириш доирасида жами 27,6 километр пиёдалар йўлакчаси қурилади ва таъмирланади, 912 та тунги ёритиш тизими яхшиланади.
Уй-жой фондини ривожлантириш бўйича жами 4 минг 23 та якка тартибдаги ва 13 та кўп квартирали уй-жой таъмирланиб, янги тартиб бўйича якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун ипотека кредитлари ажратиш ишлари давом эттирилади.
Мазкур ишларни амалга ошириш учун 2022 йилда жами 232,6 миллиард сўмлик маблағ йўналтирилади.
Мухтасар қилиб айтганда, мазкур эзгу ташаббус аҳолини уй-жой билан таъминлаш ва яшаш шароитини яхшилаш йўлидаги муҳим қадамдир.
А.Қаюмов, ЎзА