English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиззахдаги BYD заводи халқаро эътирофга сазовор бўлди

Жиззах вилоятида жойлашган “BYD Uzbekistan Factory” масъулияти чекланган жамият шаклидаги Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонаси мамлакатимиз автомобиль саноати тарихида илк бор муҳим халқаро эътирофга сазовор бўлди.

Завод Хитойнинг дунёдаги энг йирик электр ва гибрид автомобил ишлаб чиқарувчи компанияларидан бири — BYD’нинг корпоратив “Star Rating” баҳолаш тизимига мувофиқ, Хитойдан ташқарида дунёдаги биринчи “уч юлдузли завод” мақомини қўлга киритди.

Маълумки, BYD компанияси бугунги кунда нафақат Хитойда, балки Бразилия, Таиланд, Туркия, Венгрия каби бир қатор давлатларда ҳам йирик автомобил ишлаб чиқариш корхоналарига эга. Жумладан, Бразилия ва Туркиядаги заводлар компаниянинг Лотин Америкаси ҳамда Европа бозорларига чиқишида муҳим стратегик аҳамият касб этади. Ана шундай йирик халқаро ишлаб чиқариш майдонлари мавжуд бўлишига қарамасдан, айнан Жиззах вилоятидаги “BYD Uzbekistan Factory” корхонасининг Хитойдан ташқарида биринчи бўлиб “уч юлдузли завод” мақомига эришгани ушбу қўшма корхонанинг нуфузи ва салоҳиятини яққол намоён этади.

“Star Rating” рейтинги BYD компанияси томонидан жорий этилган ички корпоратив баҳолаш тизими бўлиб, у заводларни ишлаб чиқариш сифати, технологик жараёнлар, бошқарув самарадорлиги, меҳнат интизоми ҳамда сифат менежменти тизими бўйича комплекс тарзда баҳолайди. “BYD Uzbekistan Factory” мазкур тизим доирасида ўтказилган икки босқичли аудитдан муваффақиятли ўтиб, белгиланган талабларга тўлиқ жавоб бергани расман тасдиқланди.

Аудит натижаларига кўра, корхонада автомобиль ишлаб чиқаришда муҳим ҳисобланган халқаро IATF 16949 сифат стандарти талаблари тўлиқ жорий этилган. Ишлаб чиқариш жараёнлари BYD’нинг корпоратив стандартларига қатъий мувофиқ равишда йўлга қўйилган бўлиб, бу заводда ишлаб чиқарилаётган автомобилларнинг барқарор сифати, техник ишончлилиги ва хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, “уч юлдузли завод” мақоми BYD’нинг ички рейтинг тизимида ўртача юқори даражани англатади. Бу эса корхона фаолиятининг барқарор, самарали ва халқаро талабларга тўлиқ жавоб бераётганини кўрсатади. Эътиборли жиҳати шундаки, Жиззахдаги корхона ушбу мақомга Хитой Халқ Республикасидан ташқарида жойлашган BYD заводлари орасида биринчи бўлиб эришди.

– Бу натижа жамоамиз меҳнатининг амалий самарасидир, – дейди “BYD Uzbekistan Factory” МЧЖ қўшма корхонаси бош директори Азизбек Муҳиддинов. – Эришилган ютуқ бизга нафақат фахр, балки масъулият ҳам юклайди. Олдимизда янги моделларни ўзлаштириш, экспорт ҳажмини ошириш, маҳаллийлаштириш даражасини кенгайтириш ҳамда хизматлар сифатини янада яхшилаш каби муҳим вазифалар турибди.

Айни пайтда “BYD Uzbekistan Factory” корхонаси йилига 50 минг дона автомобил ишлаб чиқариш қуввати билан фаолият юритмоқда. Келгусида ишлаб чиқариш ҳажмини сезиларли даражада ошириш, янги моделларни ўзлаштириш ҳамда экспорт географиясини кенгайтириш режалаштирилган. Бу эса корхонанинг нафақат ички бозорда, балки Марказий Осиё ва қўшни минтақаларда ҳам рақобатбардош маҳсулот етказиб берувчи йирик саноат марказига айланишига хизмат қилади.

Мутахассислар фикрига кўра, мазкур халқаро эътироф корхона учун янги стратегик имкониятларни очади. Хусусан, халқаро бозорларга чиқишни жадаллаштириш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва илғор технологияларни жорий этиш учун мустаҳкам замин яратади. Шу орқали Жиззахдаги BYD заводи нафақат ҳудуд, балки бутун мамлакат автосаноати ривожига ҳам салмоқли ҳисса қўшиши кутилмоқда.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА