Жиззахда заъфарон майдонлари кенгаймоқда
Ўзбекистонда доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлашни ривожлантириш, замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда тайёр маҳсулотлар экспортини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада заъфарон етиштириш муҳим йўналишлардан бирига айланиб, мамлакатда унинг саноат асосидаги плантациялари изчил кенгайтирилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 20 майдаги “Доривор ўсимликларни маданий ҳолда етиштириш ва қайта ишлаш ҳамда даволашда улардан кенг фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан доривор ўсимликларни маданий ҳолда етиштириш, қайта ишлаш ва улардан самарали фойдаланиш бўйича қатор вазифалар белгиланган. Шунингдек, 2024 йил 8-9 апрель кунлари Президентимизнинг Жиззах вилоятига ташрифи давомида Бахмал, Ғаллаорол ва Зомин туманларида заъфарон плантацияларини 2 минг гектаргача кенгайтириш ҳамда ҳосил ҳажмини 20 тоннага етказиш вазифаси белгиланган эди.
Мазкур топшириқлар ижроси доирасида Бахмал туманидаги “BMB Za’faron” плантацияларида янги майдонларга заъфарон экиш ишлари амалга оширилди. Натижада мавжуд 820 гектар майдонни 900 гектаргача кенгайтириш учун навбатдаги амалий қадам ташланди.
Тадбирда “BMB Holding” Таъсисчилар кенгаши раиси Бекзод Маматқулов, Италиянинг “HT Holding” компанияси президенти, хорижий ҳамкор ва инвестор Роберто Туччи ҳамда бошқалар иштирок этди. Унда Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш, заъфарон етиштиришда илғор хорижий тажрибани қўллаш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини халқаро бозорларга олиб чиқиш масалалари хусусида фикр алмашилди.
Эътиборли жиҳати, кейинги икки йилда плантациялардаги экиш ишлари хориждан импорт қилинадиган пиёзбошлар ҳисобига эмас, маҳаллий майдонларда етиштирилган заъфарон пиёзбошлари захираси асосида амалга оширилмоқда. Бу эса ички экиш материали базасини шакллантириш ва плантацияларни барқарор равишда кенгайтириш имконини бермоқда.
“BMB Za’faron” лойиҳаси Италиянинг “FIN. Opera SRL” компанияси билан ҳамкорликда ва “Ўзсаноатқурилишбанк” кредит маблағлари иштирокида амалга оширилмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати 120 миллион евро бўлиб, шундан 70 миллион евроси тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар, 37 миллион евроси “BMB Holding” маблағлари ва 13 миллион евроси банк кредит маблағларидан иборат.
[gallery-31774]
Лойиҳа доирасида 2 гектар майдонда замонавий ишлаб чиқариш мажмуаси барпо этилган. Бугунги кунга қадар унга 91 миллион 700 минг евро инвестиция ўзлаштирилди. Мажмуа заъфаронни қуритиш, қайта ишлаш ва қадоқлаш ускуналари, шунингдек, замонавий лабораториялар билан жиҳозланган.
Айни пайтда “BMB Za’faron” бренди остида етиштирилаётган ўзбек заъфарони ва унинг асосида тайёрланаётган 20 турдан зиёд маҳсулот хорижий бозорларга чиқарилмоқда. Хусусан, маҳсулотлар Италия, Австрия, Нидерландия, Франция, АҚШ, Тожикистон, Саудия Арабистони ва бошқа давлатларга “ORO ROSSO Milano” бренди остида экспорт қилинмоқда.
2025 йилда лойиҳа доирасида экспорт ҳажми 10 миллион 200 минг еврога етган бўлса, 2026 йил якунига қадар ушбу кўрсаткични 12 миллион еврога етказиш режалаштирилган. Маҳсулотлар “USDA Organic” сертификатига эга бўлиб, бу уларнинг АҚШ Қишлоқ хўжалиги департаментининг органик маҳсулотларга қўйиладиган талабларига мувофиқлигини англатади. Шунингдек, маҳсулотлар АҚШ бозорида озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотлар хавфсизлигини назорат қилувчи FDA талабларига мувофиқлиги тасдиқланган. Хитой бозорига экспорт қилиш учун ҳам тегишли рухсатномалар олинган.
Лойиҳа аҳоли бандлигини таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. 2026 йилга келиб қарийб 30 минг нафар маҳаллий аҳоли мавсумий иш билан таъминланган бўлса, 500 нафардан ортиқ фуқаро доимий иш ўринларига эга бўлди.
Маҳаллий заъфарон пиёзбошлари захирасининг шакллантирилгани эса плантацияларни 2027 йилга қадар 2 минг гектаргача кенгайтириш бўйича белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун мустаҳкам замин яратмоқда.
“BMB Holding” келгусида “BMB Za’faron” брендини халқаро бозорларда янада кенг тарғиб қилиш, маҳаллий пиёзбошлар ва тайёр маҳсулотлар экспортини оширишни мақсад қилган. Шу билан бирга, холдинг таркибидаги премиум тоифадаги ресторан ва меҳмонхоналар орқали хорижий сайёҳларга ўзбек заъфаронини кенгроқ танитишга ҳам эътибор қаратилмоқда.
Умуман, Бахмал туманида амалга оширилаётган мазкур инвестициявий лойиҳа заъфарон етиштириш кўламини кенгайтириш, замонавий қайта ишлаш технологияларини жорий этиш, маҳаллий ресурслардан самарали фойдаланиш, янги иш ўринлари яратиш ва экспорт салоҳиятини ошириш борасидаги ишлар изчил давом этаётганидан далолат беради.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари