Жиззах вилояти ҳокимлиги анжуманлар саройида Тиббиёт ходимлари кунига бағишланган тантанали маросим ўтказилди.
Унда соғлиқни сақлаш муассасаларида узоқ йиллар меҳнат қилган соҳа фахрийлари, аҳоли соғлигини сақлаш ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш йўлида фидойилик намуналарини кўрсатаётган тиббиётчилардан бир гуруҳи иштирок этди.
Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан ўтказилган тадбирда Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларини самимий муборакбод этиб, бугунги кунда давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда замонавий тиббиётнинг ривожланиши учун улкан имкониятлар яратилиши асносида барча тиббиёт ходимларига алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Президентимизнинг “Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига асосан II даражали “Саломатлик” ордени билан тақдирланган Шароф Рашидов тумани “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун аёллар интернат уйи ҳамшираси Муқаддас Бердиевага, “Соғлом турмуш” медали билан тақдирланган Ғаллаорол тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиника патронаж ҳамшираси Ҳулкар Артиқовага ҳамда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий -амалий тиббиёт маркази Жиззах филиали хирургия бўлими мудири Ботир Қобиловга юксак давлат мукофотларини вилоят ҳокими Эргаш Салиев тантанали равишда топширди.
Шунингдек, бир гуруҳ соҳа вакиллари ўз йўналишидаги кўкрак нишонлари ҳамда вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.
Куннинг иккинчи ярмида байрам муносабати билан ёзилган тўкин дастурхон атрофида дилдан суҳбат қурилиб, аҳоли соғлигини сақлаш йўлидаги келгуси режалар хусусида гаплашиб олинди.
Таниқли санъаткорлар ва ижрочи ёшлар томонидан намойиш этилган байрам концерт дастури йиғилганларга байрамона хушкайфият улашди.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири