Жиззахда “Сиёсий соат” ташкил этилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан ҳафтанинг ҳар жума куни республикамиздаги барча давлат фуқаролик хизматчилари учун онлайн “Сиёсий (маърифат) соат”лари ташкил этилмоқда.
Жиззах вилояти маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, инвестициялар ва ташқи савдо, давлат активларини бошқариш, монополияга қарши курашиш бошқармалари ходимлари ҳам фаол иштирок этди.

Ушбу “Сиёсий соат”ларнинг тизимли ташкил этилишидан кўзланган асосий мақсад, бугунги шиддат билан ўзгариб бораётган глобаллашув шароитида мамлакатимиз ва хорижда бўлаётган муҳим воқеликлар, жараёнлардан хабардор қилиш билан бирга, ҳафта давомида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти, давлат фуқаролик хизматчиларининг сиёсий-маърифий билимларини ошириш, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган янги ислоҳотларнинг туб мазмун-моҳияти билан таништириш ҳисобланади.

Мазкур ўқувни самарали ташкил этиш мақсадида Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан давлат хизматчилари малакасини ошириш юзасидан ишлаб чиқилган махсус портал – “ilm.argos.uz” платформаси ҳамда агентликнинг “YouTube” видеохостингидаги расмий саҳифаси орқали маърузаларни томоша қилиш имконияти яратилган.

– Ўқувларда ёритиладиган мавзулар, тақдимотлар видеоформатда қайд этилиб, тизимга юклаб борилади, – дейди Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Жиззах вилояти филиали етакчи инспектори З.Бекназаров. – Платформадан рўйхатдан ўтган давлат хизатчиси эса, ушбу видеоматериаллардан куннинг исталган вақтида бемалол фойдаланиш имкониятига эга.
Мазкур “Сиёсий (маърифат) соат”да “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш”, “Ҳуқуқий саводхонлик: ҳафта давомида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти” мавзулари юзасидан тингловчиларга батафсил маълумотлар берилди.

Келгусида ҳам Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан ҳар ҳафтанинг жума куни шу каби ўқувларни ташкил этиб бориш режалаштирилган.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА