Жиззахда сайловчилар муддатидан олдин овоз беришмоқда
Жиззах вилоятида ҳам Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловида муддатидан олдин овоз бериш жараёнлари амалдаги қонунларга асосан амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига кўра, сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган ҳар бир сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга эканлиги қайд этилган.
Вилоятдаги 553 та сайлов участкасига сайловчилар умумий сонининг 10 фоизи миқдоридаги сайлов бюллетенлари муддатидан олдин овоз берувчилар учун етказиб берилган.

Шунингдек, вилоятдаги барча сайлов участкаларида овоз бериш учун етарли хоналар жиҳозланган, сайлов бюллетенларини бериш учун жойлар ажратилган,сайлов қутилари ўрнатилиб, сайлов куни ўз ҳудудида бўла олмайдиган сайловчилар учун муддатидан олдин овоз бериш имконияти тўлалигича яратилганини таъкидлаб ўтиш лозим.
Бир қатор жиззахлик сайловчилар жорий йилнинг 27 октябрь санасида яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлаолмаслигининг сабабларини кўрсатган аризаси асосида ўзлари рўйхатдан ўтган участка сайлов комиссиясига мурожаат қилиб, ўзларининг фуқаролик ҳуқуқларидан унумли фойдаланмоқда.

– Мамлакатимизда ўтиши белгиланган сайлов куни қатъий тартибли меҳнат фаолиятим тақозаси билан сайлов куни ўз яшаш жойимда бўлиш имкониятига эга бўлмаслигим сабабли, ўз аризамга кўра муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқимдан фойдаландим, – дейди Фориш туманидги 419-сайлов участкаси рўйхатида турувчи Жасур Бозоров. – Участка сайлов комиссияси аъзолари жорий йилги ўтаётган сайловларнинг аввалгиларидан фарқини менга тўлалигича тушинтириб беришди ва мен сайловолди дастури менга маъқул бўлган юртимизда фаолият юритаётган сиёсий партияга ҳамда ўзим муносиб деб билган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодларга ўз овозимни бердим.

Маълумот ўрнида шуни айтиш жоизки, 19 октябрь эрталаб соат 9:00 га қадар 2347 нафар жиззахлик сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланди.
Бутун мамлакатимиздаги каби Жиззах вилоятида ҳам жорий йилнинг 16 октябрида бошланган муддатидан олдин овоз бериш жараёнлари 23 октябрь куни соат 18:00 гача давом этади.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари