Жиззахда молиявий саводхонлар сараланди
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 30 сентябрдаги “Иқтидорли ёшлар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ёш авлоднинг иқтисодий билим ва кўникмаларини юксалтиришга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда.
Бу борада “Молиявий саводхонлик” олимпиадаси алоҳида аҳамият касб этмоқда. Мазкур беллашув ўқувчиларда шахсий молияни тўғри бошқариш, бюджетни режалаштириш, солиқ ва банк тизимига оид билимларни мустаҳкамлаш, молиявий хавф-хатарларни англаш ва баҳолаш кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилади.
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда қатор ҳамкор ташкилотлар томонидан ташкил этилаётган мазкур олимпиада республика бўйлаб кўп босқичли тизим асосида ўтказилмоқда. Саралаш жараёнлари мактаб, туман (шаҳар) ва вилоят босқичлари орқали амалга оширилиб, энг муносиб иштирокчилар республика финалига йўлланма олади.
Жиззах вилоятида олимпиаданинг вилоят босқичи Жиззах шаҳридаги 3-сонли ихтисослаштирилган мактабда ўтказилди. Унда ҳудудларда сараланган 36 нафар 8–10-синф ўқувчилари иштирок этиб, ўз билим ва салоҳиятини намоён этди.
Беллашув жараёнида иштирокчиларга молиявий билимлар, мантиқий фикрлаш ва таҳлил қобилиятини синовдан ўтказувчи 30 та тест саволи тақдим этилди. Уларни бажариш учун 90 дақиқа вақт ажратилди.
[gallery-28780]
Якуний натижаларга кўра, Жиззах шаҳридаги 1-ихтисослаштирилган мактаб ўқувчиси Самариддин Ҳусанов биринчи ўринни қўлга киритди. Бахмал тумани ихтисослаштирилган мактаби ўқувчиси Ботир Эшбоев иккинчи ўринни эгаллади. Учинчи ўрин Жиззах шаҳридаги 1-ихтисослаштирилган мактаб ўқувчиси Жавлон Орифжоновга насиб этди.
Ғолиб ва совриндорлар муносиб тақдирланди. Шу билан бирга, улар республика финал босқичида иштирок этиш имкониятини қўлга киритди.
Таъкидлаш жоизки, бундай танлов ва олимпиадалар ёшларнинг иқтисодий тафаккурини шакллантириш, уларни молиявий жиҳатдан онгли ва масъулиятли қарорлар қабул қилишга ўргатишда муҳим аҳамият касб этади. Зеро, молиявий саводхонлик — замонавий жамиятда барқарор тараққиёт ва фаровон ҳаётнинг мустаҳкам пойдеворидир.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА