Жиззахда “Келажак лидерлари” клуби аъзолари сараланмоқда
Жиззах вилоятида “Келажак лидерлари” клубига аъзоликка саралашнинг 3-босқичи ўтказилди.
Давлат хизматини риводлантириш агентлиги Жиззах вилояти филиали Ахборот хизмати хабарига кўра, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 13 июлидаги “Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Жиззах вилояти филиали ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси ташаббуси билан Жиззах вилоятида “Келажак лидерлари” клубини ташкил этиш ишлари изчиллик билан олиб борилмоқда.
Жиззах вилоятида “Келажак лидерлари” клубига ёшларни кенг жалб қилиш мақсадида очиқ ва шаффоф тарзда ўтказиладиган танлов асосида клуб аъзоларини саралаб олиш ишлари бошланди.
Вилоятдаги фаол ва ташаббускор ёшларни давлат фуқаролик хизматига қизиқтириш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган ташкилий чораларни амалга ошириш, истиқболли кадрлар селекцияси орқали жойларда юқори малакали давлат фуқаролик хизматчилари қатлами ҳамда янги авлод кадрлар захирасини шакллантириш мақсадида Жиззах вилоятида “Келажак лидерлари” клубини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида вилоят ҳокимининг қарори тасдиқланган.
“Келажак лидерлари” клубига аъзолик учун ташкил этилган танлов 4 босқичда амалга оширилиши белгиланган бўлиб, дастлабки босқичда номзодлар томонидан тақдим этилган ҳужжатлар “Жиззах вилояти “Келажак лидерлари” клуби тўғрисида”ги Низом талаблари асосида сараланди.
Биринчи босқичда, жами 430 нафар ҳужжат тақдим этган номзодлар орасидан 178 нафари муносиб, деб топилди ва танловнинг кейинги, 2-босқичига ўтказилди.
Сўнг танловнинг иккинчи, яъни тест босқичида 178 нафар номзод 2 кун давомида белгиланган график асосида, карантин қоидаларига қатъий амал қилинган ҳолда, тест синовларидан ўтказилди.
Ушбу босқичда 56 ва ундан юқори фоиз тўплаган 89 нафар номзод танловнинг учинчи, яъни эссе ёзиш босқичига етиб келди ва жорий йилнинг 3-4 август кунлари иштирокчилар ўз эсселарини ёзди.
Нима учун айнан эссе ёзиш танланган, деган савол туғилади.
– Чунки, эссе ёзиш иштирокчидан ҳам ҳаётий, ҳам илмий ва ҳам ижодий фикрлашни талаб этади, – дейди Агентликнинг Жиззах вилояти филиал раҳбари ўринбосари Б.Яхшибаев. – Бундай синовлар ҳақиқий лидер ёшларни саралаб олишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиб, синовдан муваффақиятли ўтган ёшларни том маънода мустақил қарор қабул қилиб, ижодий фикрлай оладиган лидерлар, дея олиш мумкин.
Мазкур босқичда ҳудудий олий таълим муассасаларининг филолог мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳи номзодларнинг ижодий ва фикрлаш салоҳиятини белгиланган мезон асосида баҳолайди. Босқич якунига етганидан сўнг номзодлар 4-босқичда суҳбатдан ўтказилади.
Ҳар бир босқич жараёнларини очиқ, шаффоф, адолатли ва жараённинг жамоатчилик назорати остида ўтишини таъминлаш мақсадида синов жараёнлари “youtube” видеохостинги орқали онлайн шаклда узатилди.
Клубга аъзо бўлган ёшларнинг фаолияти кредит-балл тизимида тегишли баллар йил давомида тўпланиб, ушбу балларни клуб тамонидан тақдим этиладиган имкониятларга алмаштириш имконини беради.
Шунингдек, уларни рағбатлантириш мақсадида фаол аъзолар исталган давлат органлари ва ташкилотларида амалиёт ўташи, жумладан ривожланган хорижий давлатларда ҳамда Давлат бошқарув академиясининг “Келажак лидерлари” махсус малака ошириш дастурларига юбориш мумкин.
Мазур клубни ташкил этишдан асосий мақсад, давлат хизмати учун янги авлод кадрларни шакллантириш, ёшларни давлат хизматига кенг жалб қилиш ва ёш истиқболли кадрлардан раҳбарлик лавозимларига захира шакллантиришдан иборатдир.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА