Жиззахда газ тармоқлари куз-қиш мавсумига тайёрланмоқда
Жиззах вилоятида 2026–2027 йиллар куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш, аҳолини табиий ва суюлтирилган газ билан барқарор таъминлаш ҳамда тармоқларда юзага келиши мумкин бўлган носозликларнинг олдини олиш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
“Ҳудудгаз Жиззах” газ таъминоти филиали ҳамда “Ўзэнергоинспекция” ходимлари ҳамкорлигида газ тармоқлари ва тақсимлаш пунктларининг техник ҳолати ўрганилиб, мавсумга тайёргарлик юзасидан назорат тадбирлари олиб борилмоқда.
Айни пайтда вилоятда 317 минг 635 нафар истеъмолчи мавжуд бўлиб, уларнинг 183 минг 368 нафари табиий, 130 минг 866 нафари суюлтирилган газдан фойдаланмоқда.
— Куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида 68,9 километр газ қувурини реконструкция қилиш режалаштирилган эди, - дейди “Ҳудудгаз Жиззах” газ таъминоти филиали бўлим бошлиғи Музаффар Салимов. — Амалда 85,1 километр газ қувури реконструкция қилинди. Шунингдек, вилоятдаги 3 минг 224 та газ тақсимлаш пункти тўлиқ тафтишдан ўтказилди. Тармоқларнинг барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида 171,4 километр газ қувури босим остида синаб тозаланди. Бундан ташқари, 21 минг 678 та хонадонда газ таъминоти уч босқичли тизимдан икки босқичли тизимга ўтказилди.
Мавсумга тайёргарлик жараёнида газ тармоқлари ва қурилмаларининг техник созлиги билан бирга, аҳоли хонадонларида газ жиҳозларидан хавфсиз фойдаланиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
[gallery-32195]
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, амалга оширилаётган тадбирлар истеъмолчиларни куз-қиш мавсумида газ билан барқарор таъминлаш, тармоқлардаги носозликларнинг олдини олиш ҳамда хавфсизликни кучайтиришга қаратилган.
Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА