Жиззахда газ таъминотини яхшилаш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш, аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларини барқарор ҳамда хавфсиз табиий газ билан таъминлаш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, “Ғозғонтепа” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида газ таъминоти тизимини мавсумга тайёрлаш, тармоқларнинг техник ҳолатини яхшилаш ва табиий газни истеъмолчиларга бир меъёрда етказиб бериш бўйича чора-тадбирлар олиб борилмоқда.
Мутахассислар томонидан газ қувурларининг техник ҳолати ўрганилиб, носоз ва эскирган тармоқларни реконструкция қилиш ишлари бажарилмоқда. Шунингдек, қувурларнинг хизмат муддатини узайтириш, занглаш ва ташқи муҳит таъсирида емирилишининг олдини олиш мақсадида уларни тозалаш ҳамда бўяш ишлари амалга оширилаётир.
— Ҳозирда Ғозғонтепа маҳалласи ҳудудида 612 та аҳоли истеъмолчиси мавжуд. Уларнинг газ таъминоти барқарорлигини таъминлаш асосий вазифаларимиздан бири. Истеъмолчиларга хизмат кўрсатувчи газ тармоқларига замонавий талабларга жавоб берадиган, автоматлаштирилган янги газ тақсимлаш пунктларини ўрнатмоқдамиз, - дейди «Ҳудудгаз Жиззах» газ таъминоти филиали бўлим бошлиғи Музаффар Салимов.
Тасдиқланган режа-жадвал асосида олиб борилаётган ишлар ҳаво ҳарорати кескин пасайган кунларда газ босимини барқарор сақлаш ва истеъмолчиларни узлуксиз табиий газ билан таъминлашга хизмат қилади.
Соҳада мавжуд инфратузилмани таъмирлаш ва профилактика ишлари билан бир қаторда, газ таъминоти тизимини модернизация қилиш, табиий газ йўқотишларини камайтириш ва замонавий технологияларни жорий этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
[gallery-31728]
Шу мақсадда «Ҳудудгаз Жиззах» газ таъминоти филиали, «Ўзэнергоинспекция»нинг Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси ҳамда Жиззах политехника институти профессор-ўқитувчилари ва талабалари ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Ҳамкорлик доирасида табиий газ йўқотишларининг сабабларини илмий жиҳатдан таҳлил қилиш, ҳисоб-китоблар аниқлигини ошириш, замонавий мониторинг усулларини қўллаш ҳамда ёшларнинг инновацион лойиҳаларини амалиётга татбиқ этиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.
Шу тариқа, Шароф Рашидов туманида газ таъминоти инфратузилмасини такомиллаштириш ва соҳага илм-фан ютуқларини жорий этишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш мавсумида барқарор табиий газ билан таъминлашга хизмат қилмоқда.
Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА