Жиззахда 4 кунда 2 ёнғин содир бўлди
Кириб келган янги 2022 йилнинг ўтган 4 куни давомида Жиззах вилоятида 2 та ёнғин содир бўлди.
Бу ҳақда вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси Ахборот хизмати хабар берди.
Куни кеча тунги соат 23:33 ларда Жиззах шаҳар “Маданият” маҳалла фуқаролар йиғинидаги хонадонларнинг бирида ёнғин содир бўлган. Бу ҳақдаги хабар келгани заҳоти шаҳар фавқулодда вазиятлар бўлимининг 2 та ёнғин-қутқарув бўлинмаси 5 дақиқа оралиғида, яъни соат 23:38 да ёнғин жойига етиб борган.
Ёнғин соат 00:02 да батамом ўчирилган. Ёнғин содир бўлган хонадоннинг 30 квадрат метр майдонда том-шифт қисми жиддий зарар кўрган. Бахтли тасоддиф туфайли ёнғиндан жабрланганлар ва ҳалок бўлганлар йўқ.
Вилоят ФВБ Ахборот хизмати хабарида таъкидланишича, дастлабки суриштирув натижаларига кўра, ёнғин электр симларининг қисқа туташуви натижасида содир бўлган. Тилсиз ёв туфайли кўрилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда.
Бугун 4 январь куни тунги соат 00:30 ларда Бахмал тумани “Файзобод” маҳалла фуқаролар йиғинида хонадонларнинг бирида ёнғин содир бўлган.
Ушбу ёнғин ҳақида 101 қисқа рақами орқали хабар келиб тушгач, воқеа жойига туман фавқулодда вазиятлар бўлимининг қутқарув бўлинмаси ходимлари зудлик билан етиб борган. Уларнинг тезкор ҳаракатлари самарасида олов тунги соат 00:45 да батамом ўчирилган. Ушбу тезкорлик натижасида ёнғин содир бўлган хонадоннинг 42 квадрат метр майдондаги моддий бойликлари сақлаб қолинишига эришилган.
Мазкур фавқулодда ҳолатда ҳам тан жароҳати олганлар ва ҳалок бўлганлар йўқ.
Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси юқоридаги каби кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида, бошқарманинг қуйи шаҳар ва туманлар тизими вакилларига аҳоли орасида ёнғинга қарши профилактик тадбирлар изчиллигини янада оширишга, фуқароларни эса ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилишга чақирди.
А.Қаюмов, ЎзА