Жиззахда 140 миллион долларлик йирик агросаноат мажмуаси барпо этилади
Жиззах вилоятида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, сув тежовчи технологияларни кенгайтириш ва янги саноат қувватларини ишга туширишга қаратилган 140 миллион долларлик инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши режалаштирилди. Унинг натижасида минг нафар кишининг бандлигини таъминлаш назарда тутилган.
Жиззах вилоятида хорижий инвестицияларни жалб этиш ва ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини ошириш борасидаги ишлар янги босқичга кўтарилмоқда. Бу борада Хитой компаниялари билан ҳамкорлик алоқаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Вилоят ҳокими Улуғбек Мустафоев Жиззахда Хитойнинг йирик компаниялари вакилларидан иборат делегациялар билан учрашувлар ўтказди. Музокараларда истиқболли инвестиция ташаббуслари ва уларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.


Жумладан, “Shaanxi Orange Industrial” компанияси бош директорининг ўринбосари Ли Ле билан мулоқотда 2026–2030 йилларга мўлжалланган агросаноат лойиҳаси тақдим этилди. Унга кўра, Фориш, Зомин, Бахмал ва Шароф Рашидов туманларида замонавий ишлаб чиқариш инфратузилмаси шакллантирилади.
Лойиҳанинг муҳим йўналишларидан бири қишлоқ хўжалигида ресурслардан оқилона фойдаланишдир. Хусусан, қурғоқчиликка чидамли мойли экинлар етиштириш, тежамкор суғориш усулларини жорий қилиш ва кўчатчиликни ривожлантириш кўзда тутилган.


Шунингдек, саноат кооперациясини кучайтириш мақсадида бир нечта йирик ишлаб чиқариш қувватлари ташкил этилади. Жумладан, йилига 100 минг тонна мойли экинларни қайта ишлайдиган завод қурилиши режалаштирилган. Қолаверса, 50 минг тонна биоўғит ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти йўлга қўйилади.
Томчилатиб суғориш тизимлари учун қувурлар ва ускуналар ишлаб чиқариш ҳам лойиҳанинг муҳим таркибий қисмидир. Бу эса ҳудудда аграр тармоқ эҳтиёжларини маҳаллий маҳсулотлар ҳисобига таъминлаш имкониятини кенгайтиради.
Мазкур ташаббуснинг аҳамияти фақат янги корхоналар барпо этиш билан чекланмайди. У маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг қўшилган қийматини ошириш ва экспортбоп маҳсулотлар тайёрлашга ҳам хизмат қилади.

Учрашувда лойиҳани босқичма-босқич амалга ошириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Ер майдонларини тайёрлаш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини барпо этиш ва инвесторга белгиланган имтиёзлардан фойдаланиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Вилоят ҳокимлиги вакиллари ташаббусни ҳаётга татбиқ этишда зарур ташкилий масалаларни ҳал қилишга тайёрлигини билдирди. Томонлар ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича меморандум имзолашга келишиб олди.
Кутилаётган мингта янги ва мавсумий иш ўрни эса лойиҳанинг ижтимоий аҳамиятини янада оширади. Энг муҳими, аграр тармоқ билан саноат ўртасидаги боғлиқлик мустаҳкамланиб, Жиззахнинг ишлаб чиқариш ва экспорт имкониятлари кенгаяди.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири