
Ўтган 2024 йил давомида Жиззах вилоятига 452 минг 200 нафар хорижий сайёҳ ташриф буюриб, бу борадаги йиллик режа 129,2 фоизга уддаланди.
Жиззах вилоятининг сайёҳлик манзиллари ва миллий кийимлари, урф -одатлари ҳамда тарихий музейлари, тарихий қадамжолар хорижлик сайёҳларнинг севимли масканига айланиб бораётганини таъкидлаб ўтиш жоиз.
Тошкент ёки Самарқанд шаҳридан Жиззах вилоятига самолётда учишни хоҳлаган сайёҳлар тўғри “Зомин” аэропортига келиб қўнади. Ушбу қўналға 2023 йилнинг сентябрь ойида фойдаланишга топширилиб, илк парвоз Чехияда ишлаб чиқарилган “LЕT L-410” самолётида амалга оширилган. Парвоз вақти Тошкентдан Зомингача 35, Самарқанддан эса 45 дақиқани ташкил этади.
Айни пайтда мазкур аэропортда катта авиабортларни қабул қилиш бўйича иккинчи босқич таъмирлаш ва қайта жиҳозлаш ҳамда метеорологик қурилмаларни ҳам модернизация қилиш ишлари амалга оширилмоқда.
Вилоятга ташриф буюрган сайёҳлар “Зомин” сайёҳлик-рекреацион зонасидаги 2023 йилнинг август ойида фойдаланишга топширилган “Дор йўли”ни кўрмасдан кетмайди. 133 миллиард 300 миллион сўмлик ушбу лойиҳа Швейцариянинг “Bartolet” компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилган.
Шунингдек, “Суффа платоси”да ташкил этилган халқаро умуммавсумий курорт мажмуаси ҳамда узунлиги 305, баландлиги 150 метр бўлган, Марказий Осиёдаги ягона “Бахт кўприги” номи билан юритиладиган осма кўприк маҳаллий ва хорижлик туристларнинг доимий диққат марказида бўлиб келмоқда.
Жиззах шаҳрига ташриф буюрган сайёҳлар ўзбек халқининг оташ қалб шоирлари Ҳамид Олимжон ва Зулфияга қўйилган ҳайкал ҳамда бу буюк икки қалбнинг севги ва садоқатини акс эттирувчи хиёбон, ижод ва ҳаёт фаолиятидан сўзловчи, XIX асрда барпо этилган бинода жойлашган музей ҳар қандай кишида чуқур таассурот қолдириши, шубҳасиз.
Шунингдек, давлат ва жамоат арбоби, ёзувчи Шароф Рашидовга қўйилган ҳайкал ва унинг ҳаёт ҳамда меҳнат фаолиятидан сўзловчи тарихий музейини ва адибнинг ёшлик йиллари ўтган уй- музейни кўрмай кетишмайди.
2024 йилда “Айдар-Арнасой кўллар тизими” ҳудудида “OXUS ADVENTURE” MЧЖ томонидан 30 ўриндан иборат бўлган “OXUS XOSTEL” туризм дам олиш маскани фаолияти йўлга қўйилди. Тиббиёт туризмини ривожлантириш мақсадида “Айдар-Арнасой кўллар тизими” ҳудудида “Давронбой” МЧЖ томонидан туячилик фирмаси йўлга қўйилиб, 100 бош туя олиб келиниши таъминланди, туя сути билан даволаниш хизматидан фойдаланиш учун ушбу давр мобайнида 500 нафардан ортиқ хорижий ва 1000 нафарга яқин маҳаллий сайёҳ ташриф буюрганини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз.
Булардан ташқари, Жиззах тарихининг энг қадимги саҳифаларидан 4,5 минг йил аввалги “Сайхонсой қоятошлари”даги суратлар, энг қадимги одамлар яшаган “Пешағор” ғори, 2 ярим минг йиллик тарихга эга “Мозорсой ёдгорликлари”, “Жомонжар ер ости эҳромлари”, қадимги манбаларда тилга олинган Газа, Харакана, Зомин, Собот, Миқ, Марсманда, унданда қадимгироқ бўлмиш Хитой солномаларида тилга олинган “Йеча шаҳри” қолдиқлари, “Қалия тепа”, “Ўрда” каби қадимги қалъалар ва шаҳарлар ўрин олган. Бундан минг йиллар бурун боболаримиз ўз замонасида бутун Ўрта Осиёда энг қадимги ва энг маҳобатли ирригация иншооти саналмиш “Банд тўғони”ни жуда катта маҳорат билан бунёд этишган. Шунингдек, бир неча минг йиллардан бери азиз тутиб келинган “Темир дарбоза”, “Саъд ибн Абу Ваққос”, “Парпиота”, “Хўжамушкент ота”, “Новқа ота”, “Ўсмат ота”, “Саид Мир Халилиллоҳ ота”, “Хўжа боғбон ота”, “Паймарт ота” каби кўплаб мўътабар зиёратгоҳлар ҳам айнан шу вилоят ҳудудидадир.
2023 йил давомида Жиззах вилоятига жами 145 минг нафар хорижий сайёҳ ташрифи кузатилган бўлса, 2024 йилнинг январь – декабрь ойлари давомида 452 минг 200 нафар йиллик режага нисбатин 129,2 фоиз хорижий сайёҳлар ташриф буюрди.
Шунингдек, 2023 йил давомида 1 миллион 700 минг нафар, 2024 йил давомида эса 1 миллион 400 минг нафар маҳаллий сайёҳ ташриф буюриб, бу борадаги йиллик режа 168,2 фоиз амалга оширилди.
2023 йилда туризм хизматлари экспорти 31 миллион долларни ташкил этган бўлса, 2024 йил давомида 65 миллион 100 минг долларни ва йиллик режа 130 фоизни ташкил этди.
2024 йилнинг ўтган ойлари довомида 28 та 584 ўринли жойлаштириш воситалари ишга тушди, шундан 85 ўринли 3 та меҳмонхона, 11 та 315 ўринли хостел, 13 та 132 ўринли оилавий меҳмон уйи ва 52 ўринли 1 та дам олиш зонаси фаолияти йўлга қўйилди.
Вилоятда 2021 йилда 170 та 4959 ўринли жойлаштириш воситаси, жумладан, меҳмонхона, хостел, кемпинг ва оилавий меҳмон уйлари бўлган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 280 тага, ўринлари сони 6955 тага етказилди.
Сўнгги 3 йилда жойлаштириш воситалари сони 1,6 баробарга ва ўринлар сони 1,4 баробарга ошган.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/yX8WkG4feYM" title="Jizzax xorijiy sayyohlarni oʻziga jalb qilmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
А.Қаюмов (видео), ЎзА мухбири