Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Жиззах шаҳридаги Ўратепалик маҳалласида “Маҳалла — қадриятлар маскани” мавзусида маънавий-маданий тадбир ташкил этилди. Унда шаҳар ҳокимлиги, маънавият ва маданият бўлими, бувижонлар мактаби, маҳалла фаоллари, нуронийлар, ёшлар ҳамда таълим муассасалари вакиллари иштирок этишди.
Тадбир давомида миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш, урф-одат ва анъаналарни авлоддан авлодга етказиш, ёшлар онгида ватанпарварлик, меҳр-оқибат, оилавий аҳиллик каби фазилатларни шакллантириш масалаларига эътибор қаратилди.

Иштирокчилар миллий қўшиқлар, рақслар, саҳна кўринишлари ва халқ урф-одатларини ифода этувчи кўринишларни намойиш этишди. Тадбир маҳалла аҳолиси ўртасида бирлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга, миллий қадриятларнинг ҳаётимиздаги ўрнини янада оширишга хизмат қилди.

***
Зомин туман ҳокими Алишер Абдуғаниев ҳудудаги “Версал Азизбек Лазизбек” ОК қурилиш маҳсулотлари, “Кумуш чашма” ХК сутни қайта ишлаш, “Нуриддин-Ғулом” МЧЖ тунукафон, “Низом-Ғулом” МЧЖ мебел ҳамда “Април” МЧЖ трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхоналарида бўлди.

Ўрганишлар чоғида ишлаб чиқариш жараёнлари, технологик қувватлар, иш ўринлари ва экспорт-импорт кўрсаткичлари назардан ўтказилди. Тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ташкил этилиб, уларнинг фикр ва таклифлари тингланди.
Ҳоким томонидан мавжуд муаммоларни жойида ҳал этиш, ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш, янги иш ўринларини яратиш ва маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини таъминлаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
***
Бахмал туманининг Мўғол қишлоғида агротуризм салоҳиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида “Бахмал олмаси” халқаро фестивали ўтказилди.
Тадбирда туманнинг етакчи боғбон ва фермерлари томонидан етиштирилган турли навдаги олма маҳсулотлари намойиш этилди. Фольклор жамоалари иштирокида миллий куй-қўшиқлар янгради, халқ ўйинлари, миллий таомлар кўргазмаси ва ҳунармандлар ярмаркаси ташкил этилди.

Мазкур халқаро тадбирда хорижий ва маҳаллий сайёҳлар фаол иштирок этишди. Тадбир нафақат маҳаллий маҳсулотларни тарғиб қилиш, балки ҳудуднинг туризм салоҳиятини оширишга ҳам хизмат қилди.
***
Жиззах политехника институтида талаба-ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, гиёҳвандлик ва психотроп моддаларнинг зарарли оқибатларини тушунтириш мақсадида профилактик давра суҳбати ташкил этилди.
Мутахассислар томонидан ёшларга гиёҳванд моддаларнинг инсон саломатлиги, таълим олиши ва жамиятда ўз ўрнини топишига салбий таъсири ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Талабаларга соғлом ҳаёт тарзини юритиш, зарарли одатлардан йироқ бўлиш ҳамда ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш бўйича амалий тавсиялар берилди.
Тадбир ёшларни ёт иллатлардан асраш, маънавий баркамол ва жисмонан соғлом авлод этиб тарбиялаш мақсадига қаратилди.
***
Жиззах вилояти Дўстлик туманида “Нуроний” жамғармаси томонидан “Кексалар ҳафталиги” доирасида қатор хайрли тадбирлар ташкил этилмоқда.
Хусусан, туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳамкорлигида “Касбим — фахрим” мавзусида кекса авлод ва ёшлар ўртасида учрашувлар ўтказилди. Тадбирларда нуронийларнинг ҳаётий тажрибаси, касбий фаолияти ҳақида ҳикоя қилинди, ёшлар учун ибратли суҳбатлар ташкил этилди.

Шунингдек, нафақадаги кексалар ҳолидан хабар олинди, уларга иззат-икром кўрсатилди ва самимий табриклар йўлланди.
Мазкур тадбирлар авлодлар ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш ва ёшлар қалбида меҳр-эътиборни оширишга хизмат қилмоқда.


А.Қаюмов, ЎзА мухбири