Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Жиззах шаҳрида “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор-профилактик ойлиги доирасида тунги хизматга жалб этилган ходимлар иштирокида хизматолди йўриқнома тадбири ўтказилди.
Тадбирда вилоят ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари жиноятчиликни барвақт жиловлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ташкил этиш, гиёҳвандлик ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш ва унинг олдини олиш бўйича кўрсатмалар берди.
Шунингдек, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, фуқаролар билан хушмуомалада бўлиш, хизмат интизоми ва қонунийликка риоя этиш зарурлиги қайд этилиб, тунги хизматга жалб этилган барча ходимлар ўз вазифаларини бажаришга киришди.
***
Фориш туманидаги маҳалла фуқаролар йиғинларида ташкил этилган ҳуқуқий тарғибот тадбирларида аҳоли, шу жумладан ёшлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар ва тадбиркорлар қонунчиликда белгиланган ҳуқуқ ва имтиёзлари, субсидия ҳамда кредит олиш масалалари, шунингдек, давлат томонидан кўрсатиладиган хизматлардан фойдаланиш тартиби ҳақида хабардор қилиниб, ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳатлар берилди.
Жумладан, “Нурак” МФЙда ўтказилган тарғибот тадбири давомида манзилли равишда ҳам уйма-уй юрган ҳолда фуқароларга батафсил тушунчалар берилди.
***
Зарбдор туманида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, “маҳалла еттилиги” иштирокида ўтказилган навбатдаги йиғилишда долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Йиғилишда энергия тежамкорлигини ошириш, маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш, жиноятчиликнинг олдини олиш, айниқса, ёшлар билан самарали ишлаш масалаларига кенг миқёсда эътибор қаратилди.
Президентимизнинг жорий йил 3 январдаги “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда 1 апрелдаги “Ёқилғи-энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ва беҳуда сарфланишининг олдини олиш ҳамда энергия самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирларни такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорларида белгиланган устувор вазифалар ижроси юзасидан тузилган штаблар фаолияти чуқур таҳлил қилинди, ёшларни иш билан таъминлаш, ер ажратиш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш каби йўналишлардаги камчиликлар қаттиқ танқид қилинди, хато ва камчиликларга йўл қўйган мутасаддилар жиддий танқид қилиниб, уларни бартараф этиш бўйича аниқ муддат белгиланди.
Туман ҳокими Б.Тошпўлатов, фуқаролар томонидан кўтарилаётган ҳар бир масала муҳимлиги, давлат раҳбари ва ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган ҳар бир ҳужжатнинг амалий ижроси таъминланиши шартлигини, энди бу борада назорат янада кучайтирилиши ва ҳар бир ҳудудда аниқ натижалар талаб этилишини қайд этди.
***
Ҳар бир хонадонда меҳнат, бандлик ва барқарор даромад бўлса, ҳаёт сифати, оила фаровонлиги ортиши, шубҳасиз.
Бахмал туманида хотин-қизларни иш билан таъминлаш, уларнинг имконият ва салоҳиятидан унумли фойдаланиш мақсадида туман ҳокими ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бўлими раҳбари Х.Боймуродова вилоят ва туман прократураси ходимлари билан ҳамкорликда ҳудудаги “Истиқлол”, “Боғишамол” ва “Гулбулоқ” маҳалла фуқаролар йиғинларида пилла етиштириш билан шуғулланаётган хотин-қизлар фаолиятини ўрганди.
Ушбу маҳаллаларда пилла парваришига жалб этилган аёллар билан бевосита мулоқотлар ўтказилиб, уларнинг муаммолари эшитилди ва мутасаддилар зиммасига амалий кўмак чоралари белгиланди.
Тумандаги жами 3000 нафардан ортиқ пилла етиштираётган хотин-қизлар нафақат оилавий даромад манбаини яратиш, балки маҳалладаги иқтисодий-ижтимоий фаолликни оширишга ҳам муносиб ҳисса қўшиши мумкинлиги таъкидланди.
[gallery-23213]
***
Шароф Рашидов тумани ҳокими М.Холбўтаев “Янгиобод” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, аҳоли билан очиқ мулоқот ўтказди. Учрашув давомида фуқаролар томонидан кўтарилган муаммо ва таклифлар диққат билан тингланди ва уларни бартараф этиш юзасидан мутасаддилар зиммасига аниқ топшириқ ва вазифалар юкланди.
Шунингдек, ҳоким ташаббуси билан маҳаллада кенг кўламли тозалаш ва ободонлаштириш ишлари ташкил этилди. Ҳудудда чиқиндилар тозаланди, дарахт ва гул кўчатларига шакл берилди ҳамда умумий кўркамликка алоҳида эътибор қаратилди.
Бундай учрашувлар маҳаллий ҳокимият билан фуқаролар ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш, аҳолининг яшаш шароитларини яхшилашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
А.Қаюмов, ЎзА