Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Давлатимиз раҳбари 2024 йил 16 декабрда ўтказган видеоселектор йиғилишида маҳаллаларда тадбиркорлик муҳитини яхшилаш, камбағалликни қисқартириш ва тижорат банкларининг ролини ошириш бўйича белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Пахтакор туманида “Лойиҳалар ярмаркаси” ташкил этилди.
Унда мутахассислар томонидан тадбиркорликни ривожлантириш, банк хизматларидан самарали фойдаланиш, имтиёз ва қўлланилаётган янгиликлар бўйича атрофлича тушунтиришлар берилди.
***
Ғаллаорол тумани ҳокимлигида ДХХ билан ҳамкорликда 2024 йил давомида туманда ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси масалалари муҳокама қилиниб, содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар ҳудудлар бўйича танқидий-таҳлилий кўриб чиқилиб, масъулиятсизликка йўл қўйганларга кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, жиноят содир этиб, профилактик ҳисобга олинган ёшлар ва вояга етмаганларнинг ҳар бири билан манзилли ишлар олиб борилиб, уларни соғлом турмуш тарзига қайтариш, яна қайта жиноят содир этишининг олдини олиш, турли фан ва спорт тўгаракларига жалб қилиш, бандлигини таъминлаш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.
***
Бахмал туман ички ишлар бўлими Жамоат хавфсизлиги хизмати пробация гуруҳи томонидан назорат остидаги шахслар ўртасида қайта жиноят содир этилишининг олдини олиш мақсадида тумандаги барча секторлар раҳбарлари мунтазам равишда профилактик суҳбатлар олиб боришмоқда.
Жумладан, туман прокуратурасида ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати пробация гуруҳи назорати остида бўлган ёшлар билан учрашув ташкил этилди.
Мазкур учрашувда уларни ижтимоий ҳаётга мослаштириш, бандлигини таъминлаш, ўзлари қизиққан касблари, истакларидан келиб чиқиб тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишлари учун шарт-шароитлар яратиш борасида тегишли тавсия ва тушунчалар берилди.
***
“Соғлом авлод учун” хайрия фонди Жиззах вилоят филиалининг тиббий ижтимоий ёрдам кўчма бригадаси томонидан Шароф Рашидов туманида кам таъминланган, кўп болали оилалар, “Д” назоратидаги беморлар, “Аёллар дафтари”даги хотин-қизлар, кексалар учун тиббий кўрик ташкил этилди.
Ўтказилган тиббий кўриклар жараёнида шифокорлар тавсиясига кўра, 332 ўлчов бирлигидаги дори- дармонлар, қуритилган сабзавотли аралашма, кўзойнаклар, ҳомиладор ва эмизикли аёллар учун комплекс пренатал витаминлар бепул хайрия тарзида тарқатилди. Ётиб қолган бемор ва ногиронлардан маҳалла хотин-қизлар фаоли, патронаж ҳамширалар иштирокида манзилли хабар олинди.
***
Дўстлик тумани солиқ инспексияси бошлиғи, 4-сектор раҳбари Мирзоҳид Нормуродов Боғзор маҳалласида бўлиб, маҳалла фаоллари ва мутасадди ташкилотлар раҳбарлари билан ҳамкорликда аҳолининг муаммоларини тинглади.
Очиқ мулоқот тарзида бўлиб ўтган қабулда фуқаролар аҳолини қийнаётган ижтимоий, коммунал ва бошқа соҳалар бўйича масалаларни кўтарди.
Ўрганиш натижасида мурожаатларнинг асосий қисми жойида ижобий ҳал этилган бўлса, ечими қўшимча ўрганиш ва муддат талаб этадиган мурожаатларнинг бир қисми (40 фоизи) бўйича мутасадди ташкилот раҳбарлари билан биргаликда чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, ижроси назоратга олинди.
[gallery-21325]
А.Қаюмов, ЎзА мухбири