Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Янгиобод тумани марказида “Умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини хорижий тил ва замонавий касбларга ўқитиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор ижроси доирасида ташаббускор тадбиркорлар, умумтаълим мактаблари психологлар ва касб усталари иштирокида тарғибот тадбири ташкил этилди.
Унда, мактабларнинг бўш турган биносини тадбиркорларга бепул бериш орқали ўқувчиларни касбга ўргатишни ташкил этиш имтиёзлари хусусида маълумотлар берилди. Шунингдек, “Тафаккур хизмат самараси” МЧЖ томонидан ўқувчиларни ҳозирги кунда талаб юқори бўлган дастурчи, дизайнер ва маркетолог сингари муҳим касбларга ўқитиш ишлари режалаштирилган.



***
Бахмал туман ҳокимлигида жамоатчилик фикри асосида “Ochiq byudjet” ахборот порталида шаклланган тадбирларни ўрганиб чиқиш, баҳолаш ва таҳлил қилиш ҳамда ижросини мониторинг қилиш юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда, ишчи комиссия аъзолари ҳудудларга чиққан ҳолда аҳоли ва ташкилотлар томонидан киритилган таклифларни батафсил ўрганиб, хулосаларини тақдим этишлари ҳақида тушунтирилди. Шунингдек, ўрганиш жараёнида “Ochiq byudjet” ахборот порталида бўлаётган янгиликлар ва Олий Мажлис Сенатининг жорий йил 30 январдаги қарори мазмун-моҳияти ишчи гуруҳ аъзолари томонидан фуқароларга тўлиқ тушунтирилиб, тарғибот ишлари олиб борилиши белгилаб олинди.



***
Дўстлик тумани ҳокимлигида жорий йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш бўйича Республика ишчи гуруҳи ўрганишлари якунига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
ZOOM платформаси орқали бўлиб ўтган йиғилишда Фавқулодда вазиятлар вазири Абдулла Қўлдошев, Жиззах вилояти ҳокими биринчи ўринбосари Абдували Мустанов ва бошқа мутасадди ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди. Вилоятда куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш асносида ўтказилган қўмондонлик ўқув-тактик машғулотлари жараёнида аниқланган камчиликлар ва уларни бартараф этиш бўйича Фавқулодда вазиятлар вазири Абдулла Қўлдошевнинг таҳлилий-танқидий ахбороти тингланди.



***
Ғаллаорол туманининг “Қўйтош” шаҳарча фуқаролар йиғинида аҳоли ва айниқса, ёшлар ўртасида инсонийлик қадриятларни кенг тарғиб қилиш, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш мақсадида “Инсон қадри” лойиҳаси доирасида “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз” шиори остида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда Республика тарғибот гуруҳи аъзолари узоқ йиллар ватанимизнинг гуллаб яшнаши, ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган, ҳозирги кунда фарзандлари, набиралари ардоғида яшаётган меҳнат фахрийлари ҳамда фарзандларининг ногиронлиги бўлган оилаларда бўлиб, ҳолидан хабар олди. Атоқли санъаткорлардан иборат тарғибот гуруҳи аъзолари улар билан дилдан суҳбат қурди.



***
Арнасой тумани “Зарафшон” МФЙда жойлашган 2-сонли оилавий поликлиникага ҳомийлар томонидан “Tszinda” физиотерапия ва ингалятор аппаратлари ҳамда энг замонавий қаттиқ ва юмшоқ мебеллар туҳфа этилди.
Маҳаллада аҳоли саломатлиги йўлида кенг кўламли ишлар амалга оширилиб, поликлиникага ҳомийлар томонидан олиб келинган ускуналар ёрдамида бўғим оғриқлари, нерв системаси ва гижжа кассаликларини даволаш йўлга қўйилди.



Эътиборлиси, ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган эҳтиёжманд фуқаролар учун бепул даволаниш ҳам йўлга қўйилди.
А.Қаюмов, ЎзА.