Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан Жиззах вилоятида “Бор меҳримиз шу Ватан, шу халқ учун” шиори остида аҳоли учун бепул чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ўтказилмоқда.
Фориш тумани тиббиёт бирлашмасининг кўп тармоқли поликлиникасида Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ва вилоятнинг етакчи мутахассислари томонидан туман аҳолиси тиббий кўрикдан ўтказилди.
Тиббий кўрикда аниқланган бирламчи касалликлар бўйича соғломлаштириш ишларини олиб бориш учун шифокорлар томонидан керакли ва зарур тавсиялар берилди.


***
Бахмал туманида ҳам “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалий ишлар олиб борилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Ғ.Мирзаев, Жиззах вилоятидан 300 нафарга яқин меҳнат фахрийси, нуроний ва оқсоқоллар ташриф буюриб, 5 гектар майдонга 10 минг туп мевали ва манзарали кўчат экишга ўз ҳиссаларини қўшди.
Шундан сўнг, меҳнат фахрийлари, нуронийлар ва оқсоқоллар учун Рамазон ойи муносабати билан ифторлик дастурхони ёзилди. Ифторликда кексалар юртимизга тинчлик-осойишталик, деҳқон ва чорвадорларга, хонадонларимизга қут-барака тилаб, дуолар қилди.


***
Aрнасой туманидаги маданият марказида “Ёшлар овози – 2024” танловининг туман босқичи бўлиб ўтди. Бунда 10-15, 16-22 ва 23-30 ёш тоифасидаги иштирокчилар ўз иқтидорларини намоён қилди. Ғолиблар диплом, қимматбаҳо ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Ўз ёш тоифаларида 1-ўринни эгаллаган ғолиблар танловнинг вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритди.


***
“Боғишамол” МФЙ ёшлари Зомин туман ахборот-кутубхона марказига экскурсия уюштирди. Кутубхона маркази абономент ва фойдаланувчиларга хизмат кўрсатиш мутахассислари томонидан кутубхона ҳақида китобхонларга батафсил маълумотлар берилди.
Асосий мақсад китобхон ёшлар ўзлари қизиққан адабиётларни олиб ўқиш имкониятига эга бўлиши баробарида китобхонларнинг билим савияси ва инсонлар билан хушмуомала бўлишларини таъминлаш, ўқувчиларнинг тафаккури ва дунёқарашини юксалтириш, она Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини шакллантиришдир.

***
Янгиобод туманида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида барча маҳаллалар, аҳоли хонадонлари, йўл четлари ва белгиланган майдонларда мевали ва манзарали кўчатларни экиш ва яшил майдонларни кенгайтириш ишлари жадаллик билан давом этмоқда.
Хусусан, туманнинг “Дўстлик” МФЙ ҳудудидаги “Зомин асл ипак толаси” хусусий корхонасига қарашли ер майдонларида халқимизнинг эзгу қадриятларидан бири саналган ҳашар уюштирилиб, тут кўчатлари экилди.


А.Қаюмов, ЎзА мухбири