Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Жиззах шаҳрида “Кўпкураш” ҳарбий ватанпарварлик спорт мусобақасининг вилоят босқичи якунига етди.
“Кўпкураш” баҳсида Бахмал туман касб-ҳунар мактаби 1-ўринни эгаллаб, республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.
2 ва 3-ўринлар мос равишда Мирзачўл туман касб-ҳунар мактаби ҳамда Шароф Рашидов тумани ахборот технологиялари техникуми жамоаларига насиб этди. Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчиларнинг диплом, қимматбаҳо совғалари ва пул мукофотлари билан тақдирланди.

***
Дўстлик тумани ҳокими ўринбосари А.Тинчликов 1-сектор ҳудудидаги “Наврўз” МФЙда бўлиб, аҳоли муаммоларини “хонадонбай” тамойили асосида уйма-уй юриш орқали ўрганди.
Тадбирда фуқаролар маҳалла ҳудудидаги чиқиндиларни ўз вақтида олиб кетиш, мутахассислиги бўйича бандлигини таъминлаш, асаларичиликни ривожлантириш учун кредит олиш, контракт тўловини тўлаб бериш, қўшимча равишда ТТБга тунги навбатчиликка ишга жойлаштириш билан боғлиқ бўлган муаммоли масалалар юзасидан мурожаат қилди.
Ҳар бир мурожаат ёзиб олиниб, алоқадор ташкилотларга топшириқ берилди ва ижроси сектор штаби томонидан назоратга олинди.

***
Жорий йилнинг 14 август кунидан эътиборан Мактабгача ва мактаб таълими ҳамда Ички ишлар вазирликлари масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳ аъзолари Президентимизнинг қарори ижросини таъминлаш мақсадида Жиззах шаҳридаги умумтаълим мактабларида ўрганиш ишларини амалга оширмоқда.
Белгиланган жадвал асосида, ҳудуддаги 6, 10, 22, 23-сонли умумтаълим мактабларида қарор ижросини таъминлаш, болалар ва ёшлар ўртасида йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаси бўйича амалий ва назарий тушунчалар бериш борасида олиб борилаётган ишлар ва йўл қўйилган камчиликлар таҳлилий-танқидий ўрганилиб, эндиликда амалга оширилиши зарур бўлган аниқ вазифалар белгилаб берилди.

***
Жиззах вилояти ИИБ ТҚХ ЖҚБ ходимлари томонидан жойларда жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар ўтказилмоқда.
Шундай тадбир бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Жиззах вилояти бошқармасида ҳам уюштирилди. “Коррупцияга қарши аёвсиз кураш олиб борамиз!” мавзусидаги тарғиботда коррупция жамият тараққиётига тўсиқ бўлувчи иллат эканлиги, шу турдаги қонунбузарлик учун белгиланган жавобгарлик бўйича маълумот берилди.

***
Зарбдор тумани ҳокими 1-сектор ҳудудидаги “Тошкесган” МФЙда раис, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспекторининг бугунги кунда олиб бораётган иш фаолияти билан яқиндан танишди.
Маҳалла “бешлиги” томонидан фуқароларнинг муаммолари ўрганилиб, уларни бартараф этиш бўйича мутасаддиларга кўрсатма ва тавсиялар берилди. Учрашувда ҳудудда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда жиноятчиликни жиловлаш борасида чора-тадбирлар белгиланиб, мамлакатимиз Мустақиллиги байрамини муносиб нишонлаш, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларида фуқаролар иштироки масалалари муҳокама этилди.

***
Бахмал тумани адлия бўлими юридик хизмат кўрсатиш маркази ходимлари томонидан туманнинг “Ватанпарвар” МФЙ ҳудудида жойлашган “н” ҳарбий қисмда “Янги таҳрирдаги Конституцияни ўрганамиз” мавзусида амалий семинар ўтказилди.
Бунда 2023 йил 30 апрелъ куни Референдум асосида Янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг мазмун-моҳияти тушунтирилиб, ҳарбий хизматчиларнинг Бош Қомусимизга бўлган ҳуқуқий онгини ошириш, билим ва кўникмаларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА