Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Маънавият ва маърифат маркази Дўстлик тумани бўлинмаси, "Саритепа" МФЙ “бешлиги” ҳамда 3-умумтаълим мактаби маъмурияти ҳамкорлигида “Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Унда маҳалладаги уюшмаган ёшлар ва аҳоли иштирок этди.
Маҳаллада жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар, оилавий ажримлар, қариндош-уруғлар ўртасида никоҳ, оилавий зўравонликларнинг олдини олиш ҳамда гиёҳвандлик воситалари ва кучли таъсир қилувчи моддалар тарқалишига қарши курашиш борасида гап борди.

***
Президентнинг Арнасой туманидаги Халқ қабулхонаси мудири Бекмурод Норов ва туман ҳокимлиги ахборот хизмати мутасаддилари томонидан аҳолига тоза ичимлик сувини етказиб бериш лойиҳаларининг амалга оширилишини ўрганилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 2 майдаги қарорига асосан “Манзилли дастур”га киритилган Арнасой тумани "Олтин водий" МФЙдаги "Зафаробод - Арнасой" марказий Д-720 миллиметрли темир қувурлари яроқсиз ҳолга келиб қолганлиги боис 8,7 километр масофага янги Д-500 миллиметрли ичимлик суви тармоқлари ўрнатилмоқда. Лойиҳа ишлари “Файз коммунал қурилиш” МЧЖ томонидан амалга оширилиб, жорий йилнинг июль ойига фойдаланишига топширилади.

***
Фориш тумани маданият ва туризм бўлими қошида фаолият юритаётган “Боғдон” фольклор этнографик халқ ансамбли Туркманистон Республикасининг Аваза шаҳрида бўлиб ўтаётган “Аваза – 2023” халқаро рақс ва фольклор фестивалида иштирок этиб, ўз маҳоратини намойиш этмоқда.
“Боғдон” фольклор этнографик халқ ансамбли фестивалда халқимиз урф-одат ва анъаналарини ўзида мужассам этган халқ термалари, рақсларини ижро этиб, барчани мамнун этмоқда.

***
Ҳар йили ғалла ўрим-йиғими бошланиши билан экология давлат инспекторлари зиммасига муҳим масала юкланади. У ҳам бўлса ғалла ўрим-йиғимидан бўшаган майдонларни ёқиб юборишдан муҳофаза ва ернинг устки қатламини салбий таъсирлардан ҳимоя қилишдир. Шу мақсадда айни вақтда ҳудудларда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.
Зомин тумани экология инспекцияси давлат инспекторлари томонидан ҳокимлик масъуллари билан ҳамкорликда тумандаги СИУ раислари ва фермер хўжалиги раҳбарлари ўртасида ғалладан бўшаган майдонларни ёқиб юбормаслик ва бу ҳолатнинг салбий оқибатлари ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилди.

***
Янгиобод тумани ҳокими Иброҳим Қаршибоев туманнинг 1-секторига қарашли “Совот” ҚФЙ, Соҳибкор қишлоғида аҳоли ва ёшлар билан бўлиб ўтган сайёр қабулида ҳоким ўринбосарлари, тегишли корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, маҳалла масъуллари, аҳоли, хусусан, нуронийлар, хотин-қизлар ва ёшлар иштирок этди.
Тадбир аввалида туман ҳокими жорий йилда туманда амалга оширилаётган ўзгаришлар, ташкил этилаётган янги иш ўринлари, маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, ҳамда аҳоли турмуш шароитларини янада ошириш борасида яқин истиқболдаги режалар хусусида тўхталиб ўтди.
Очиқ мулоқот тарзида ўтган сайёр қабул давомида фуқароларнинг мурожаат ва таклифлари тингланиб, уларнинг ижобий ечими юзасидан тегишли раҳбарларга топшириқлар берилди ва туман ҳокими томонидан назоратга олинди.

***
Соврин жамғармаси 880 миллион сўм бўлган “Ёшлар ишлари агентлиги кубоги"нинг Дўстлик тумани босқичида сектор босқичида фахрли 1-ўринни эгаллаган шахмат ихлосмандлари иштирок этди.
Қизиқарли ва баҳсларга бой ўтган мусобақада “Профессионал эркаклар” йўналишида Ботир Абдураҳмонов, “Профессионал аёллар” йўналишида Сўғдиёна Акромова, “Ҳаваскор эркаклар” йўналишида Абдуқодир Абдураҳмонов, “Ҳаваскор аёллар” йўналишида Гулбаҳор Мирзаева ғолиб деб топилди.

А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА