Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Жиззах вилояти камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси бошлиғи Ф.Салахиддинов раҳбарлигида белгиланган жадвал асосида туманлардаги қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, ҳоким ёрдамчилари, хотин-қизлар фаоллари, ёшлар етакчилари ҳамда масъуллар иштирокида семинарлар ташкил этилмоқда.

Жумладан, вилоятнинг Арнасой, Зафаробод ва Мирзачўл туманларида бўлиб ўтган семинарларда янги ташкил этилаётган тизим бўйича тушунчалар берилиб, туманлардаги маҳалла “бешлик” вакилларига бажариладиган вазифалари белгилаб берилди ва улар билан мавзу юзасидан савол-жавоблар ўтказилди.
***
Зомин туманида “Аёллар дафтари” 4-босқич 1- ва 2-тоифа рўйхатидаги хотин-қизлар билан Жиззах вилияти хотин-қизлар тадбиркорлик маркази раҳбари С.Бекмуродова, “Халқ банки” туман филиали аёллар масалалари бўйича раис ўринбосари М.Воҳидова, ҳоким ёрдамчилари, хотин-қизлар фаоллари ҳамда ёшлар етакчилари иштирокида учрашув ташкил этилди.

Жумладан, тумандаги “Бирлик” МФЙда ўтган учрашувда имтиёзли кредит олиб тадбиркорликни бошлаш истагида бўлган аёлларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаганда нималарга аҳамият бериш кераклиги, банклар томонидан берилаётган имтиёзли кредитларнинг қулайликлари ва уларни ўз вақтида қайтариб тўлаш кераклиги тўғрисида маълумотлар бериб ўтилди.
***
Фориш туманида “Фуқаро муҳофазаси ойлиги" доирасида тумандаги барча корхона, ташкилот, муассаса ва таълим масканларида аҳолини турли асраш ва фавқулодда вазият содир бўлганда қандай ҳаракатланиш лозимлиги юзасидан тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.

Жумладан, туман фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари туман халқ таълими бўлими билан ҳамкорликда тумандаги барча умумтаълим мактабларида “Фуқаро муҳофазаси ойлиги” доирасида зилзила билан боғлиқ ҳодисаларда аҳолини тўғри ҳаракатланиши бўйича назарий ва амалий тушунтиришлар олиб бориляпти.
***
Республикамизда ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш юзасидан бир қатор чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Жойларда микромарказларнинг ташкил этилиши эса тадбиркорлар учун айни муддао бўлмоқда.

Дўстлик тумани марказида ташкил этилаётган “Микромарказ”да қурилиш материаллари ва маиший буюмлар ишлаб чиқаришга йўналтирилган 200 та янги истиқболли лойиҳалар ўрин олади.
***
Зарбдор туманида “Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам” шиори остида бўлиб ўтган пиёда юриш марафони кексаю ёшни соғлом ҳаёт сари эзгу мақсад йўлида бирлаштирди.

Аҳолини оммавий спортга кенг жалб этиш ва улар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш борасида ташкил этилган ушбу марафонда аҳоли ва ёшлар иштирок этиб, белгиланган 5 минг қадам масофани пиёда босиб ўтдилар.
***
Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров аҳоли муаммоларига ечим топиш мақсадида жойларда фуқаролар ва масъуллар билан мулоқотлар ўтказмоқда. Хусусан, 3-сектор раҳбари Шароф Рашидов тумани “Файзобод” МФЙ аҳолисини ичимлик сув билан таъминлаш борасидаги ишларнинг бориши билан танишди.

Мазкур лойиҳа доирасида сув узатиш иншооти таъмирланиб, 13,8 километр тармоқ тортилиши кўзда тутилган. Ҳозирда ушбу ишлар якуний босқичда ва Наврўз умумхалқ байрами арафасида аҳолига сув бериш чоралари кўрилмоқда.
А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА