Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Янгиобод тумани, “Хўжамушкент” қишлоқ фуқаролар йиғинида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Муқаддас Ўразалиева иштирокида нуронийлар, ёшлар, фуқаролар йиғини ходимлари, корхона, ташкилот раҳбарлари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда депутат томонидан Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномаси, маъмурий ислоҳотларнинг амалга оширилиши, Конституциявий қонун лойиҳаси ва янги Меҳнат кодексининг мазмун-моҳияти юзасидан атрофлича тушунчалар берилди.
* * *
Зарбдор туман ҳокими, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими раҳбари ва бошқа мутасадди ташкилотлар билан биргаликда тумандаги “Тошкесган” МФЙда яшовчи ётиб қолган беморлар ҳолидан хабар олиниб, яшаш шароити ўрганилди.

Шунингдек, суҳбат давомида оила вакилларига қиш мавсумини беталафот ўтказиш мақсадида кундалик эҳтиёж учун ун ва бошқа зарур озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.
* * *
Аномал совуққа қарамасдан “Зоминтумангаз” корхонаси жамоаси аъзолари томонидан табиий газ билан таъминланган маҳаллалар аҳолисига бир маромда табиий газ етказиб берилмоқда.


Корхона ишчи-хизматчилари табиий газ тармоқларини, газ тақсимлаш пунктларини мунтазам созлигини текшириб бораяпти. Шу боис ҳам тумандаги табиий газ билан таъминланган маҳаллалар аҳолисига газ бир маромда етказиб берилмоқда.
* * *
Пахтакор тумани давлат солиқ инспекцияси бошлиғи, 4-сектор раҳбари У.Сафаров маҳаллаларга бириктирилган ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари, маҳалла хотин-қизлар фаоллари билан учрашди.

Учрашувда 4-босқич “Аёллар дафтари”ни шакллантириш бўйича ишчи гуруҳнинг иш фаолияти бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.
* * *
Мирзачўл туманида бугунги совуқ об-ҳаво шароитида аҳоли муаммоларини бартараф этиш борасида ташкил этилган “Тезкор штаб” аҳолидан қабул қилинган муаммоларни зудлик билан бартараф этиш чора-тадбирларини амалга оширмоқда.

Хусусан, “Пахтазор” маҳалласида истеъмолчиларга ичимлик суви етказиб берилди. Ичимлик суви, суюлтирилган газ баллонлари ва кўмир маҳсулоти график асосида зарурат юзага келган маҳаллаларга етказиляпти.
* * *
Дўстлик тумани “Тезкор штаб”и томонидан аномал совуқ шароитида аҳоли муаммоларини бартараф этиш борасида ҳам ишлар изчилик билан олиб борилмоқда.

Хусусан, тумандаги “Қаҳрамон” маҳалласида истеъмолчиларга керакли миқдордаги суюлтирилган газ билан тўлдирилган балонлар етказиб берилди. Бу каби ишлар график асосида барча маҳаллаларда амалга оширилмоқда.
* * *
Бахмал тумани ҳокими Муса Анарбаев ҳудуддаги ижтимоий объектлар – шифохона, умумтаълим, мактабгача таълим муассасаларидаги шароитлар билан яқиндан танишди, масъуллар ўз вазифаларини бажаришда сусткашликка йўл қўймасликлари тўғрисида қатъий огоҳлантирилди.

Туманда ташкилот ва муассасалар ҳудудини қордан тозалаш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, масъул раҳбарлар томонидан ижтимоий муассасалардаги иситиш тизимида мунтазамлик жиддий назоратга олинган.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА