Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Янгиобод туман ҳокимлиги, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг Жиззах филиали, Ёшлар ишлари агентлиги, Ёшлар иттифоқи туман кенгаши ҳамда ахборот-кутубхона маркази ҳамкорлигида ёшларнинг интеллектуал салоҳиятларини ошириш мақсадида “Заковат”интеллектуал ўйинлари ташкил этилди.

Миллий университет Жиззах филиали профессор-ўқитувчилари ва талабалари, шунингдек, маҳаллалар иқтидорли ёшлардан тузилган жами 6 та жамоа иштирок этган беллашувда Янгиобод туманининг “Реннесанс” жамоаси ғолибликни қўлга киритди.
* * *
Зарбдор тумани прокурори Р.Машарипов “Тадбиркорлар ва ёшлар” билан ўтган ушрашувда уларнинг мурожаатларини тинглади.

Тадбиркорлар ҳамда тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган ёшларнинг таклиф ва мурожаатлари тингланди. Кўтарилган масалаларнинг асосий қисми жойида ижобий ҳал этилди. Ҳал этилмаган масалалар юзасидан тегишлигиги бўйича корхона ва ташкилот раҳбарларига кўрсатмалар берилди ва уларнинг ижроси назоратга олинди.
* * *
Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида Ғаллаорол туманидаги ташкилот, корхона ва муассасалар ўртасида спортнинг мини-футбол тури бўйича ҳоким кубоги беллашувлари ўтказилди.

Мусобақа якуний натижаларига кўра – туман халқ таълими педагогларидан ташкил топган жамоа 1-ўринни қўлга киритиб, кубокнинг вилоят босқичига йўл олди.
Ғолиб ва совриндорларга ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
* * *
Республика ишчи гуруҳи аъзоси, Маънавият ва маърифат маркази раҳбарининг биринчи ўринбосари Фурқат Жўрақулов Дўстлик тумани маҳаллаларида бўлиб ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича фаолият олиб бораётган туман штаби аъзолари билан очиқ мулоқот қилди.

Маҳалла фуқаролари йиғинларига тайинланган ёшлар етакчиларининг фаолияти, уларга туман ҳокимлиги томонидан яратиб берилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.
Ф.Жўрақулов маҳаллалар кутубхоналари фаолияти билан ҳам танишиб, кутубхонлар учун бадиий китоблар совға қилди.

* * *
Фориш туманида умумтаълим мактаблари ўқувчилари, ота-оналар ва уюшмаган ёшлар иштирокида “Биз диний экстремизм ва терроризмга қаршимиз” шиори остида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда диний экстремизм ва терроризмнинг аянчли оқибатлари, бундай таҳдидларнинг олдини олиш, ёшлар онгини турли ёт ғоялар таъсиридан асраш ҳақида сўз борди.
Иштирокчиларга тармоқлар платформаларида илгари сурилаётган даъволар, ёшлар орасида диний ақидапарастлик ва мутаассиблик ғоялари тарқалишининг олдини олиш юзасидан керакли тавсиялар берилди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА