Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Арнасой туманида Ўзбекистон Экологик партияси Жиззах вилояти кенгаши томонидан “Биз келажак учун жавобгармиз!” шиори остида “Аҳолининг экологик маданиятини юксалтиришда ёшларнинг ўрни” мавзусида “Долзарб 15 кунлик” тарғибот тадбирлари доирасида давра суҳбати ўтказилди.
Эътиборли жиҳати, “Долзарб 15 кунлик” тарғибот тадбири вилоятнинг ҳар бир шаҳар, туман, қишлоқ ва маҳаллаларида бўлиб ўтмоқда ва унда уюшмаган ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этаётир.
* * *
Фориш туманида ёшларни тадбиркорликка йўналтириш, иш билан таъминлаш ва даромадини ошириш чоралари кўрилмоқда.

Туманнинг 3-сектор ҳудудидаги “Эгизбулоқ” маҳалласида аҳоли, айниқса ёшларни тадбиркорликка йўналтириш мақсадида 10 та иссиқхона ташкил этилмоқда. Ушбу хайрли тадбир туманнинг бошқа маҳаллаларида ҳамамалга оширилиши кўзда тутилган.
* * *
Зарбдор туман ҳокимлигда Президентимизнинг 2021 йил 29 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси юзасидан сектор раҳбарлари, ишчи гуруҳ аъзолари, жамоатчилик фаоллари, маҳалла раислари ва инспекторлар учун ўқув-амалий семинари ташкил этилди.

Унда фармоннинг мазмун-моҳияти, ҳужжатда кўрсатиб ўтилган жамоат хавфсизлигини таъминловчи ва унда иштирок этувчи субъектлар ҳақида маълумот берилди.
* * *
Мирзачўл Аграсаноат техникуми талабалари билан 2022 йил – Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили муносабати билан ташкил этилган давра суҳбарида туман “Veteran” жангчи-фахрий ногиронлар бўлинмаси, Маънавият ва маърифат маркази туман бўлими, дин ишлари бўйича туман масъуллари иштирок этди.

“Ёш Ватанпарварларни тарбиялаш-фахрийларнинг муқаддас бурчидир”, “Китобсиз тараққиётга, юксак маънавиятга эришиб бўлмайди” ҳамда “Жаҳолатга қарши маърифат” мавзуларидаги маърузалар тадбир иштирокчиларда чуқур таассурот қолдирди.
* * *
Пахтакор туман прокурори И.Бегашев туман мутасадди ташкилотлари билан биргаликда маҳаллаларда фуқаролар ва ёшлар билан учрашиб, уларнинг мурожаатларини тингламоқда.
“Олмазор” МФЙда ўтган учрашувда шу маҳаллада истиқомат қилувчи 4 нафар ёшнинг мурожаати жойида ҳал этилиб, “Ёшлар жамғармаси” ҳисобидан олий таълим муассасасидаги контракт тўловининг 50 фоизигача бўлган қисмини тўлаб бериш тўғрисидаги ва 1 нафар ёшга АТБ “Агробанк” туман филиали томонидан “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури бўйича кредит олиш тўғрисидаги сертификат топширилди.
* * *
Янгиобод туманидаги қишлоқ ва ҳар бир маҳаллада аҳоли, ёшлар маънавиятини ўстириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб этиш борасидаги лойиҳалар изчиллик билан амалга оширилмоқда.
Хусусан, туманнинг 2-секторига қарашли “Баландчақир” МФЙда ахборот-кутубхона маркази ходимлари томонидан “Йўл-йўлакай китоб ўқиймиз” мавзусида тарғибот акцияси ўтказилди. Ушбу акция туманнинг ҳар бир маҳалласида график асосида амалга оширилиши режалаштирилган.
* * *
Зомин туманида ташкил этилган семинар – Президентимизнинг 2020 йил 13 октябрдаги “Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш тизимини такомиллаштириш ва тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳиятини аҳолига етказишга қаратилди.
Ушбу семинарда маҳалла фуқаролар йиғинларига тайинланган ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари ва тадбиркорликни бошлаш истагини билдирган ёшлар иштирок этди.
* * *
Ғаллаорол туманидаги барча маҳаллаларда аҳоли ва ёшлар ўртасида ташкил этилган “Биз билан бажар, биздек бажар, биздан яхшироқ бажар”, “Спорт билан бирга соғлом бўлайлик” шиорлари остида пиёда юриш марафони ва бадантарбия машқлари бўлиб ўтмоқда.

Ушбу тадбирларни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган аҳолини жисмоний тарбия машғулотларига кенг жалб этиш ва уларни жисмоний чиниқтиришдан иборат.

Тумандаги “Лалмикор” МФЙда ташкил этилган худди шундай спорт тадбирида маҳалла аҳли фаол иштирок этди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА