Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Бахмал туман ички ишлар бўлими бошлиғи, 3-сектор раҳбари А.Жалолов ўзи раҳбарлик қилаётган сектор ҳудудидаги “Янгибоғ” маҳалла фуқаролар йиғинида оммавий қабул ўтказди.
Қабулда 64 нафар фуқаро иштирок этиб, 11 та мурожаат назоратга олинди, уларнинг 4 таси жойида ҳал этилиши таъминланди. Шунингдек, 3-сектор ҳудудида яшовчи ишсиз фуқаролардан 10 нафарига “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури доирасида мотокултиваторлар берилиб бандлиги таъминланди.
Ушбу ҳудудга тайинланган ҳоким ёрдамчиси ва ёшлар етакчиси билан суҳбат ўтказилиб, аҳоли муаммоларини ҳамкорликда ҳал этиш юзасидан келишиб олинди.
* * *
Янгиобод туманида жорий йил ўтган даври мобайнида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида олиб борилган ишлар танқидий-таҳлилий кўриб чиқилди.

Туманда жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар ва олиб борилаётган тарғибот ишларига қарамасдан жиноятчиликнинг ортиб бораётгани кескин танқид остига олиниб, жиноятлар сони ортган ҳудудларнинг мутасаддилари жиддий огоҳлантирилди.

Шунингдек, жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари, уларнинг шарт-шароит ва омилларини ўрганиш, профилактика мақсадида ҳар бир жиноят тафсилотларини ички ишлар органлари раҳбарлари, барча ташкилот ва идоралар, кенг жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликни ўрнатган ҳолда профилактик чора-тадбирларни амалга ошириши лозимлиги таъкидланди.
* * *
Дўстлик тумани ҳокими Шавкат Дарвишев “Бунёдкор” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси учун сайёр қабул ўтказди.

Унда туман ҳокими мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, жумладан, уларнинг тумандаги ижроси тўғрисида гапирди.
Аҳоли томонидан йўлларни таъмирлаш, нафақа тайинлаш, саломатликни мустаҳкамлашда амалий ёрдам, электр энергияси таъминоти, уй-жой, банк кредитлари ажратишдаги муаммолар ва шу каби бошқа масалалар бўйича 30 дан ортиқ мурожаат қабул қилинди. Ҳар бир мурожаат алоҳида эътиборга олиниб, ҳал этиш чоралари кўриладиган бўлди.
* * *
Президентимизнинг 2021 йил 23 ноябрдаги “Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришда дехқон хўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижросини таьминлаш мақсадида Арнасой туман ҳокимлигида “Жиззах вилояти Агрохизматлар маркази” томонидан ўқув-семинар ташкил этилди.

Унда “Агрохизматлар маркази” бўлим бошлиғи Азимжон Умурзоқов “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган ва барча йўналишлардаги фермер ва деҳқон хўжаликлари, томорқа ер эгалари учун техник экинлар, мевачилик, интенсив боғдорчилик, узумчилик, полиз, дуккакли мойли экинлар, картошка, савзавот етиштириш бўйича керакли тавсияларни берди.
* * *
Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус ижроси ҳамда ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида интеллектуал ва спорт мусобақалари Зомин туманининг барча маҳаллаларида қизғин давом этмоқда.

Жумладан, 4-сектор ҳудудидаги “Мустақиллик” МФЙ ёшлари ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва тунда ёшларни бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида – маҳалла ҳудудидаги спорт иншоотларида, ёшлар ўртасида волейбол беллашувлари ўтказилди. Мусобақа ғолиб ва совриндорлари 4-сектор раҳбари томонидан тақдирланди.
* * *
Шароф Рашидов туманида хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш борасида тайинланган ҳоким ёрдамчилари ижобий ишларни амалга оширмоқда.
Жумладан, “Мулканлик” МФЙдаги ҳоким ёрдамчиси саъй-ҳаракатлари билан шу маҳаллада яшовчи банд бўлмаган ва “Аёллар дафтари” рўйхатида турган 25 нафар хотин-қиз тикувчилик цехига ишга жойлаштирилиб, бандлиги таъминланди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА