Жиззах вилоят хабарлари – қисқа сатрларда
Ғаллаорол тумани ҳокими, 1-сектор раҳбари Жалолитдин Оқбоев “Мирзабулоқ” ва “Мулкуш” маҳалла фуқаролар йиғинларида истиқомат қилувчи ёшлар билан учрашиб, юзма-юз мулоқот қилди, улар томонидан билдирилган таклиф ва ташаббусларни диққат билан тинглади, ёшларни қийнаётган муаммолар, қизиқтираётган саволларига атрофлича жавоб берди.
Туман ҳокими ёшларнинг муаммоларини ҳал этиш, улар томонидан билдирилган ташаббусли ғояларни ўрганиб чиқиш учун масъулларга белгиланган муддатларда топшириқлар юклади.

***
Фориш тумани 1-сектор ҳудудидаги “Ўхум” маҳалласида “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларнинг доимий даромадга эга бўлишлари учун тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга ўзини ўзи банд қилиб, доимий даромадга эга бўлишлари учун маҳаллага тайинланган ҳоким ёрдамчиси Фарруҳ Шомуродов томонидан субсидия асосида тикув машинкалари топширилди.
***
Андижон вилоятида спортнинг волейбол тури бўйича 2008-2009 йилларда туғилган қизлар ўртасида бўлиб ўтган Ўзбекистон кубоги мусобақасида Зарбдор тумани волейболчи қизлари муваффақиятли иштирок этиб, фахрли 2-ўринни қўлга киритди.

Равшан Суюндиқов мураббийлигида шуғулланаётган волейболчи қизлар жамоасини Зарбдор тумани ҳокимлиги, спорт ишларини ривожлантириш бўлими, спортчиларнинг ота-оналари ва яқинлари тантанали кутиб олди.
***
Бахмал тумани марказий поликлиникасида Президентимизнинг жорий йил 29 июндаги “Маҳаллаларда ижтимоий хизматларни кўрсатиш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ёрдам бериш тизимини янги босқичга кўтариш ҳамда хотин-қизларни касбга ўргатиш ишларини янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида соғлом ҳаёт тарзини тарғиб қилиш ҳамда тиббий ёрдамга муҳтож оилаларга ўз вақтида сифатли тиббий кўмак кўрсатилишини ташкиллаштириш борасида амалга оширилган ишлар сарҳисоби бўйича тадбир ташкил этилди.

Тадбирга туман ҳокими ўринбосари Х.Боймуродова, хотин-қизлар масалалари бўйича ИИБ инспектори З.Жомуродова ва бошқалар 2022 йил 29 июндаги ПҚ-300-сонли қарорининг мазмун-моҳияти хусусида тўхталди ва келгусидаги бажарилиши лозим бўлган вазифалар юзасидан “йўл хати” ишлаб чиқилди.
***
Янгиобод тумани “Сармич” МФЙга қарашли “Халқобод” кўчасининг 800, “Лалмикор” кўчасининг 100 метр қисмида туман ободонлаштириш корхонаси томонидан шағаллаштириш ишлари ниҳояланмоқда.

Туман ҳокими Иброҳим Қаршибоев ҳамда сектор раҳбарлари мазкур маҳаллага бориб, бу ерда амалга оширилаётган ишларнинг бугунги ҳолати билан яқиндан танишди ва масъулларга тегишли камчиликлар юзасидан ўз фикрларини билдириб, уларга қурилиш ишларини пухталик билан сифатли тарзда битказиш юзасидан кўрсатма ва аниқ топшириқлар берди.
***
Фориш туманида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг кузги мавсумида 42 минг 470 тупдан зиёд турли мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экиш белгиланган. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда кўчат захиралари яратиш муҳим аҳамият касб этади.
Тумандаги умумтаълим мактаблари ҳовлилари ва ён атрофларига ток ва терак қаламчалари экишга алоҳида эътибор қаратилган.
А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА