Жиззах ва Хайнань ўзаро ҳамкорлик қилади
Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев ҳокимликнинг анжуманлар саройида Хитой Халқ Республикаси жанубида жойлашган Хайнань провинцияси партия қўмитаси котиби ўринбосари Шэнь Даньян бошчилигидаги делегация аъзоларини қабул қилди.
Хайнанлик делегация аъзолари Жиззах вилоятига биринчи маротаба ташриф буюрганлари боис, уларга Жиззах вилоятининг имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Ўзбекистон ва Хитой давлат раҳбарлари томонидан яратилаётган имкониятлар, мавжуд имтиёзлар, вилоятнинг асосий драйверлари, эркин иқтисодий зоналар ҳамда ҳудудда қайси йўналишларга инвестиция маблағларини жалб этиш мумкинлиги ва зарурати тўғрисида ҳам айтиб ўтилди. Шунингдек, воҳанинг салоҳияти акс этган видеоролик ҳам намойиш этилди.


Делегация раҳбари Шэнь Даньян қабул учун миннатдорчилик билдириб, Хайнань делегациясининг Жиззах вилоятига ташрифидан асосий мақсади Жиззах ва Хайнань ўртасидаги дўстона ва ҳамкорлик алоқаларини янада мустақкамлашдан иборат экани, айниқса, Жиззах вилояти салоҳияти намойиш этилган видеоролик уларда чуқур таассурот қолдирганини қайд этди.


Дўстона руҳда ўтган учрашув якунида Жиззах вилояти ҳамда Хайнань провинцияси ўртасида ҳамкорлик меъморандуми имзоланди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари