Жиззах сув омборининг яна бир вазифаси
Сангзор дарёсининг сувини тўплаб, 8400 гектар ер майдонини оби ҳаёт билан 50 йилдан зиёд вақт мобайнида таъминлаб келаётган Жиззах сув омбори эндиликда яна бир муҳим вазифани бажаради.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 февралдаги “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида сув омбори ҳудудида бир қатор бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.
Дастлаб иншоотга олиб борувчи 1 километр йўл асфалтлаштирилди. Сув омборидаги машиналар зали, қўриқлаш пости, маиший бинолар замонавий таъмирланиб, ходимларнинг иш унумдорлиги оширилди. Сув омбори остидаги яроқсиз ҳолга келиб қолган туннел таъмирланди. Атрофда кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш йўлга қўйилиб, 18 кВ/соат қувватга эга қуёш панеллари ўрнатилди. Улар ёрдамида ҳудуддаги бино ва иншоотлар электр энергияси билан тўлиқ таъминланиб, бир кунда ўртача 432 кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилмоқда.
– Мана эллик бир йилдирки, сув омбори суғорма деҳқончилик учун хизмат қилиб келаяпти, – дейди Жиззах сув омбори бошлиғи Собир Исаев. – Бу иншоот вилоятимиз қишлоқ хўжалиги ва иқлимида жуда катта ўрин тутади. Президент қарорига мувофиқ, сув омбори ҳудудида микро ГЭС ҳам қуриб битказилди. Унинг умумий қуввати 550 кВт бўлиб, йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 1 миллиард 620 миллион 900 минг кВт/соатни ташкил этади. Ушбу лойиҳа минтақада қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш ва энергия тежовчи технологияларни кенг жорий этишга хизмат қилади. Микро ГЭС вегетация даврида фаол ток ишлаб чиқариши билан ҳам ғоят аҳамиятлидир.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири