“Jizzax-Kеntеks” яна карвонбошиликка қайтди
Футзал бўйича Ўзбекистон чемпионати олий лигаси жамоалари 4-турнинг навбатдаги учрашувларини ўтказди.
Ушбу турда Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони ва кубоги соҳиби Жиззах шаҳрининг “Jizzax-Kеntеks” футзал клуби чемпионат карвонбошиси Тошкентнинг БМБ жамоаси билан куч синашди. Жорий мавсумда чемпионликка даъвогарлик қилаётган икки жамоа ўртасидаги баҳс кескин ва муросасиз ўтди.

Ҳисобни учрашувнинг биринчи бўлими 12-дақиқасида Акбар Усмонов очган бўлса-да (1:0), пойтахтликлар баҳснинг сўнги 3 дақиқасида ғалабани қўлдан бой бериб қўйди. Ўйиннинг иккинчи бўлимида Баҳодир Аҳмедов шогирдлари ўз мақсадларига эришиб, 37-дақиқада Илҳомжон Ҳамроев, 38-дақиқада эса Суннатулла Жўраев БМБ дарвозасини кетма-кет ишғол этиб, тошкентлик футзалчилар устидан ғалабага эришди. БМБ (Тошкент) – “Jizzax-Kеntеks” (Жиззах) якуний ҳисоб – 1:2.

4-турнинг қолган баҳсларида қуйидаги натижалар қайд этилди: “Навбаҳор” (Наманган) – “Металлург” (Бекобод) – 3:7, “Нефтчи” (Фарғона) – “Максам-Чирчиқ” (Чирчиқ) – 4:2, “Пахтакор” (Тошкент) – “Локомотив” (Тошкент) – 8:4.
А.Қаюмов, ЎзА