Жиззах футболи: кеча, бугун ва истиқбол
Жиззах вилоятида миллионлар ўйини футболни ривожлантириш ва оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жиззах футбол тарихи узоқ йилларга бориб тақалади. Лекин расмий манбаларда, ҳаваскор футбол жамоаси сифатида 1970 йилда “Жиззах” номи билан расман рўйхатдан ўтиб, собиқ иттифоқ чемпионати II лигаси 7-зонаси мусобақаларида қатнашгани қайд этилган.
Жамоанинг номи турли йилларда турлича аталган. Жумладан, ўша ўтган асрнинг 70-80-йилларида “Труд”, “Иригатор”, “Бўстон”, “Звезда”, “Ёшлик” номлари билан Ўзбекистоннинг энг номдор жамоаси Тошкентнинг “Пахтакор” футбол клубидан кейин собиқ иттифоқ чемпионатида узоқ йиллар давомида I лигада Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган ягона жамоа бўлган.
Бугунги “Сўғдиёна” марказий (ўша пайтдаги “Жиззах”) ўйингоҳида собиқ иттифоқни бир неча карра чемпиони бўлган Киевнинг “Динамо”, Москванинг “Спартак”, ЦСКА, “Динамо”, “Торпедо”, Кишиневнинг “Нестру”, Вилнюснинг “Жалгрис”, Риганинг “Давугау”, Ворошиловграднинг “Заря”, Ростов-Доннинг СКА, Душанбенинг “Помир” ва бошқа кўплаб клублар Жиззахдан 1 очко ҳам ололмай кетган пайтлари кўп бўлган. 1980 йилларнинг охирига бориб ўзбек футболи инқироз кўчасига кириб қолди. “Пахтакор” иттифоқ чемпионатининг олий, “Жиззах” биринчи лигасидан тушиб кетди.
[gallery-7836]
Мамлакатимиз мустақилликни қўлга киритгач, футболга ҳукумат миқёсида эътибор қаратилди. Илк Ўзбекистон чемпионати олий (ҳозирги супер) лигасида чемпионлик учун “Пахтакор” билан тенгма-тенг курашга чиқа билган жамоалардан бири бу – “Жиззах” футбол клуби бўлди.
2001 йилдан буён “Жиззах” ўз номини “Сўғдиёна” деб ўзгартириб, мамлакатимизнинг гранд жамоаларидан бири сифатида Ўзбекистон суперлигасида муносиб иштирок этиб келмоқда. Бугунга келиб, яқин ўтмишдаги ажойиб футболчи, бугунги ўзбек футболида ўз имзосига эга бўлган ажойиб устоз Улуғбек Бақоев бош мураббийлигида халқаро майдонда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилишга чоғланган. Ўтган мавсумдаги мамлакат вице-чемпиони “Сўғдиёна” энди ўз номини нафақат Ўзбекистонда, балки Осиёда ҳам жаранглаши сари дадил қадам ташламоқда. Бу қадам қутлуғ келишига биз ҳам тилакдошмиз.
Мамлакат чемпионати суперлигасида жиззахликларнинг суюкли жамоаси – “Сўғдиёна” профессионал футбол клуби Жиззах футболининг барча ёш тоифалари мусобақаларида иштироки ва улар учун яратилган шароитлар вилоят ҳокими Эргаш Салиевнинг доимий назоратида эканини ҳам шу ўринда, алоҳида таъкидлаш лозим. Жойларда замонавий футбол майдонлари ва мактаблари ташкил этилмоқда. Жиззах вилоятида иқтидорли ёшларни тарбиялаш мақсадида “Сўғдиёна” футбол академияси учун янги база бунёд этилаётир.
Шунингдек, вилоят футбол маҳорат мактаби учун Жиззах шаҳрида замонавий бино, футбол майдони, ёпиқ залдан иборат зарурий инфратузилма объектлари бунёд этилди. Янги имкониятларга ҳамоҳанг тарзда спортга, жумладан, болалар футболига ҳам хорижий тажрибани татбиқ этиш, малакали мураббийларни жалб этиш муҳим вазифа. Жиззахда яқин кунларда Англиянинг “Brooke House College Football Academy”нинг филиали иш бошлаши мумкинлиги ҳақида вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар тарқатди.
Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев Тошкент шаҳридаги “Brooke House College Football Academy” директори Шуҳрат Эрназаров билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотда бу борадаги келгуси режалар муҳокама қилинди.
Ушбу академия ўтган йили фаолият бошлаган бўлиб, унинг бош идораси Англияда жойлашган ва у ерда 11-17 ёшли футболчилар тайёрланади.
– Ушбу академия нафақат Англияда, балки Ўзбекистонда ҳам юқори малакали мураббийлар, жаҳон талабларига мос келадиган футболчилар етиштириб чиқаришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган ва Тошкентда унинг самаралари кўзга ташлана бошлади, – дейди Тошкент шаҳридаги “Brooke House College Football Academy” директори Шуҳрат Эрназаров. – Эндиликда биз жиззахлик футболсевар ёшлар билан ҳам иш олиб борамиз. Бунинг учун англиялик мураббийларни жалб қилмоқчимиз. Маҳаллий мураббийларни ҳам ўқитиш, уларни футболчилар қаторида Англияга малака оширишга юбориш ҳам режалаштирилган. Футболни сифатли ва хавфсиз майдонларда ўйнаш муҳим албатта. Шу маънода биз янги турдаги футбол майдони қопламалари ўрнатишни таклиф этяпмиз. Шу билан бирга ўйинни янгича таҳлил қилиш учун видео кузатув тизимини такомиллаштириш, бунда илғор технологик ечимларни беришга тайёрмиз. Буларнинг барчаси ўзбек футболини мутлақо янги йўналишда тараққий топтиришга хизмат қилади.
– Мен Бирмингем шаҳридан келдим, “Brooke House College Football Academy”сида мураббий бўлиб ишлайман, – дейди англиялик мураббий Майкл Блек. – Мақсадимиз – инглиз тажрибаси асосида ўзбекистонлик ёш иқтидорларни тарбиялаш. Академиямизнинг фаолияти юртингизда кенгайиб бораётгани бизни қувонтиради. Келгусида бу ерда ҳам яхши футболчиларни етиштириб берамиз. Ўзбекистонда иқтидорлар кўп, фақат уларни намоён эта билиш лозим.
Тошкент шаҳрида футбол академиясининг филиали ўтган йили иш бошлаган эди. Энди Жиззах вилояти билан ҳам ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда. Режага кўра, инглиз мураббийлари келиб ҳудудда ёш футболчиларни тарбиялашга кўмаклашади.
Мулоқотда вилоятдаги футбол майдонлари учун Бельгияда ишлаб чиқарилган қопламалардан кенг фойдаланиш борасида ҳам фикр алмашилди. Таъкидланганидек, мазкур қоплама юқори сифатга эга бўлиб, унда футболчиларнинг жароҳат олиш эҳтимоли анча камаяди, мустаҳкамлиги боис узоқ муддатгача фойдаланиш имконияти яратилади. Ўтказилган мулоқотда келгусида мазкур йўналиш бўйича ҳам ҳамкорлик масалалари келишиб олинди.
Дарвоқе, бугунги кунда Ўзбекистон суперлигасида иштирок этаётган профессионал футбол клубларининг стадионлари орасида сифати паст деб қаралаётган стадионларнинг 4 тадан биттаси бу “Сўғдиёна” марказий ўйингоҳи майдони эканини ҳам шу ўринда айтиб ўтиш эътиборга жоиз.
– “Сўғдиёна” профессионал футбол клубининг жаҳон стандартидаги қароргоҳи, биз чемпионат ўйинларини ўтказаётган стадионимизда камчиликлар йўқ, – дейди “Сўғдиёна” марказий стадиони директорининг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари Дилшод Йўлдошев. – Тўғри, футбол майдонимиз мақтанадиган даражада эмас. Лекин бу – “Ушбу майдонда футбол ўйинларини ўтказиб бўлмайди!” деган хулосани бермайди. ЎФА – Ўзбекистон футбол ассосиацияси, ПФЛ – профессионал футбол лигаси талабларига жавоб бергани учун ҳам “Сўғдиёна” марказий стадионида суперлига баҳслари ўтказилмоқда.
– Ўтган мавсумда чемпионатнинг кумуш медалларини қўлга киритдик, халқаро майдонга чиқдик, бу йил мақсадларимиз бундан-да юқори, – дейди “Сўғдиёна” ПФК директори Жавлон Салоҳиддинов. – Демак, талаблар ҳам шунга яраша бўлади. Майдонимиз мамлакат чемпионати учун қониқарли, аммо биз бу билан чекланиб қолмоқчи эмасмиз. Чунки энди биз халқаро майдонга чиқдик. Жаҳон футболи стандартларига тўла жавоб бера оладиган клубимизнинг академияси барпо этилмоқда. Айнан ўша ерга ўтказилган майсалар айни пайтда, тўла ниҳол олди. Лекин бу майсалардан ҳозир кўчат олиб ушбу марказий стадионимиз майдонига эксак, камида 4 ой бу майдонда мусобақа ўтказиш у ёқда турсин, машғулотлар қилиш ҳам мумкин бўлмайди. Шу сабабдан, чемпионатимиз тугаши билан жорий йилнинг ноябрь ойида майдонга хориждан олиб келиниб академиямизда етиштирилаётган майса кўчатларини ўтказамиз ва худо хоҳласа, келгуси йилги чемпионатни мухлисларимиз жаҳон андозаларига тўла жавоб бера оладиган футбол майдонида томоша қиладилар, деб ўйлайман.
Вилоятда аёллар футболига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Ўтган йилги мавсумда Ўзбекистон чемпионлигини ва кубогини қўлга киритган “Сўғдиёна-Woman” хотин-қизлар футбол клуби жорий мавсум ҳам аёллар ўртасидаги чемпионатда карвонбошилик қилмоқда.
–Ўзбекистон чемпиони, мамлакат кубоги соҳиби – “Сўғдиёна-W” аёллар футбол жамоаси ўз қароргоҳига эга эмас. Жамоа қачон ўз базасига эга бўлади?
– Мамлакатимиз ва бу йилдан Осиё миқёсидаги халқаро мусобақаларда муносиб иштирок этишимиз учун вилоят ҳокими, “Сўғдиёна” ПФК маъмурияти бизга барча шароитларни яратиб бермоқда ва бундан биз жуда миннатдормиз, – дейди “Сўғдиёна-Woman” футбол клуби бош мураббийи Шерали Бобоқулов. – Қувонарлиси, “Сўғдиёна” жамоаси академияси ёнгинасидан барча талабларга тўла жавоб бера оладиган “Сўғдиёна-W” аёллар жамоамизнинг ўз қароргоҳи барпо этилмоқда. Бу қароргоҳ нафақат республикамиздаги, балки Марказий Осиёдаги энг яхши аёллар футбол клублари қароргоҳларидан бирига айланишига ишонаман.
Вилоятда футзал ҳам жуда кенг оммалашган ва табиийки ривожланган. Футзал бўйича мамлакат чемпионати олий лигасининг жорий мавсумдаги чемпионлигини ҳам, кубогини ҳам айнан Жиззахнинг “Жиззах-Кантекс” жамоаси қўлга киритди.
“Жиззах-Кантекс” жамоаси бош мураббийи Баҳодир Аҳмедов, жорий мавсумда чемпионликни ва кубокни қўлга киритгач, буларнинг барчаси Жиззахда футзалга бўлган эътибор ва яратиб берилган шарт-шароитлар туфайли эканини айтганига қараганда, бу борада ишлар тўғри йўлга қўйилган. Қолаверса, Ўзбекистон чемпионати I лигасида “Dizak” футзал жамоаси Жиззах шарафини муносиб ҳимоя қилаётгани ҳам фикримизни исботлайди.
Лекин афсуски, Жиззах футболида кўнгилни хира қиладиган ҳолатлар ҳам бор. Жиззах футболининг энг оғриқли нуқталаридан бири – бу ёшлар футболи десак муболаға бўлмайди. Чунки Ўзбекистон U-19 ва U-21 ёшлар жамоалари чемпионатдаги “Сўғдиёна” ўринбосарларининг иштирокини қониқарли деб бўлмайди.
Масалан, 21 ёшгача бўлган мамлакат чемпионатида “Сўғдиёна” U-21 жамоаси суперлиганинг 14 клуби орасида энг охирги(!) поғонада, 19 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида “Сўғдиёна” U-19 жамоаси эса 24 клуб ўртасида 19-ўринда бораётгани – Жиззах обрўсига тўғри келармикан?
“Сўғдиёна” ПФК келажаги ана шу ёшдаги футболчилардан шаклланмайдими? Бу кетишда, бугун мамлакатимизда чемпионликка, халқаро майдонда ОФК кубогига даъвогарлардан бири деб қаралаётган жамоадош акаларига бу ёш йигитлар муносиб ўринбосарлар бўлиб етиша олармикан?
Мутасаддилар ана шу ёшдаги жиззахлик ёш иқтидорларга яратилган шароит, уларни қийнаётган муаммоларни жойига бориб ўрганмас, уларни бартараф этиш йўлларини топмас экан, 18-21 ёшдаги жиззахлик ёш футбол иқтидорларини бошқалар илиб кетиши ҳеч гап эмас. Бундай ҳолат эса, минг афсуски Жиззах футболида тез-тез учраб турибди.
А.Қаюмов, ЎзА