Жисмоний тайёргарлик даражаси қандай баҳоланади
Фарғона вилоятидаги умумтаълим мактабларида “Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовларининг янги мавсуми белгиланган талаблар асосида ташкил этилмоқда. Инсон саломатлигини мустаҳкамлашда спортнинг ўрни катта. Шу боис ҳам аҳолининг барча қатламлари ўртасида жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш орқали уларнинг жисмоний қобилияти ва ҳаракат фаоллигини такомиллаштириш, меҳнатга лаёқатини ошириш, зарарли одатлар ҳамда турли касалликларнинг олдини олиш ҳамда соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантиришга муҳим эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш бўйича спорт синовларини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори асосида ўтказилаётган "Жисмоний тайёргарлик даражаси" спорт синовлари ҳам ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилади.


–Вилоятимиз аҳолисининг қарийб 29 фоизи бугунги кунда оммавий спорт тадбирларига қамраб олинган, – дейди вилоят спорт бошқармаси бошлиғи Нодиржон Ҳакимов. – Хусусан, ёшларимиз орасида ҳам спорт билан шуғулланаётганлар сафи кенгайиб боряпти. "Жисмоний тайёргарлик даражаси" спорт синовларининг ташкил этилиши ёш авлодни жисмонан бақувват, баркамол ва соғлом бўлишида муҳим ўрин тутади. Айни кунларда вилоятимиздаги 965 та умумий ўрта таълим мактабларида таълим олаётган 695 минг 949 нафар 9 ва 11-синф ўқувчиларидан мазкур синовлар қабул қилиняпти. Хусусан, шу кунгача my.sport.uz платформасига 224 минг 429 та аризалар келиб тушган. Спорт синовларини топширган ўқувчилар сони 10 минг 256 нафар ташкил этмоқда.


Фарғона шаҳридаги 40-айрим фанлар чуқур ўрганиладиган давлат ихтисослаштирилган ўрта таълим мактаби ўқувчилари ҳам “Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовларидан ўтди. Спорт синовлари 5 та ёш тоифаси бўйича вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг тажрибали жисмоний тарбия фани ўқитувчилари томонидан олиб борилди.
М.Сулаймонов,
ЎзА мухбири