Жинсий эркинликка қарши жиноятлар учун жазо шартлари оғирлаштирилади
Мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, айниқса, аёллар ва болаларни зўравонликнинг барча кўринишлари ҳамда жинсий тажовузлардан ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Эндиликда аёллар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилмоқда, айрим жиноятлар тергови самарадорлигини ошириш кўзда тутилмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси йиғилишида айни жиҳатларга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Бош прокуратура вакилининг таъкидлашича, мазкур қонун лойиҳаси билан Жиноят-процессуал кодексига жинсий эркинликка ҳамда айрим турдаги ахлоққа қарши жиноятлар бўйича дастлабки тергов ички ишлар органларидан прокуратура органларига ўтказилмоқда.

“Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга ушбу тоифадаги ишларнинг тергови прокуратура органлари томонидан амалга оширилиши ва жазо ўташ жараёнида қонунчилик ижроси устидан прокурор назоратини янада такомиллаштиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Шунингдек, жинсий эркинликка қарши жиноятларни содир этган шахсларнинг жазони ўташ шартларини оғирлаштириш бўйича қўшимчалар киритилмоқда.
Шунингдек, Жиноят-ижроия кодексига киритилаётган ўзгартиришларга мувофиқ, Жиноят кодексининг 118 ва 119-моддаларида назарда тутилган жиноятларни вояга етмаганларга нисбатан содир этганлик учун ҳукм қилинган шахсларнинг манзил-колонияларга ўтказилмаслигини назарда тутувчи тартиб белгиланмоқда.

Муҳокамаларда фракция аъзолари аёллар ва болаларнинг ҳуқуқлари янада ишончли ҳимоя қилинишида ушуб таклиф этилаётган ўзгартиришлар муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади. Кўзда тутилаётган нормалар жинсий зўравонлик ҳолатларини фош этиш, бу турдаги жиноятларни тергов қилиш сифати ошишига ҳамда жазо муқаррарлиги таъминланишига, шунингдек, мазкур жараёнда қонунчилик талабларига риоя этилиши устидан қатъий прокурор назорати ўрнатилишига хизмат қилиши қайд этилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА