Жиноятга жазо муқаррар
Ҳеч ким жиноятчи бўлиб туғилмайди. Умр дафтарини яхши ёки ёмон фазилатлар билан тўлдириш инсоннинг ўзига боғлиқ. Элмурод Миржанов(исм-шарфи шартли равишда ўзгартирилди) 40 ёшга кирмай туриб, бир эмас беш маротаба судланди.
Судланувчи Э.Миржановга муқаддам ўта оғир жиноятларни содир этганлиги учун судланиб, 16 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. У жазони Бухоро вилояти Когон туманида жойлашган Н-сонли жазони ижро этиш колониясида умумий тартибда ўтаб келган.
2024 йил 24 март куни соат 17:50 лар чамаси. Колониянинг барча маҳкумлари кун тартиби бўйича овқатланиш учун сафланиб ошхонага бораётганида сафнинг орқа қисмига ўтиб 4-туркум маҳкумлари олдида ўз норозилигини билдириб, колония ходимини ҳақорат қилади. Ходимининг қонуний талабларини рад қилиб сафдан чиқиб, жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг ички тартиб қоидаларига бўйсунмайди.
Колония ходими маҳкум Э.Миржанов билан тарбиявий ишлар олиб бормоқчи бўлади. Маҳкум: “Қўлларингдан нима келади, айтганларингни қилмайман, бу зонадан тўйиб кетдим” деб, ёнида яширин сақланган ўткир тиғли лезвия бўлагини олиб, оғзига солади. Колония ходимлари уни тинчлантириб, тиббий ёрдам кўрсатиб оғзидаги лезвия бўлагини чиқариб олади.
Э.Миржанов шу каби ҳаракатлари билан бир неча марта интизомий жазога тортилган бўлишига қарамай, тузалиш йўлини танламади. У доимий колониядаги вазиятни издан чиқаришга ҳаракат қилиб келган.
Суд Элмурод Миржановни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 221-моддаси 2-қисмининг “б” бандида тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топди.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 60-моддасига асосан мазкур ҳукм билан тайинланган жазога илгариги ҳукм билан тайинланиб ўталмай қолган 7 (етти) йил 13 (ўн уч) кун озодликдан маҳрум қилиш жазосини қисман қўшиш йўли билан унга узил-кесил 7 (етти) йил 6 (олти) ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Ҳар бир инсон умр дафтарини яхшилик, эзгу амаллар билан безата олса унинг ҳаёти бесамар кетмайди. Аммо, бу оддий ҳақиқатдан тонганлар нафақат ўзи, балки жамиятга, ота-онаси, фарзандларининг бахтсизлигига сабабчи бўлади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.