Жиноятчиликни олдини олиш доимий эътиборда
Республика ишчи гуруҳи томонидан Фарғона вилоятида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликни жиловлаш ва аҳолининг муаммоли қатламлари билан ишлаш борасида Президентимизнинг фармон, қарорлари ва жойларга ташрифлар давомида берилган топшириқлар асосида бажарилган ишларни ўрганиш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш ҳамда жойларда амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида ўрганиш ишлари амалга оширилмоқда.
Вилоят ички ишлар бошқармасида ўтказилган йиғилишда «Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепцияси» ҳамда вилоятда жиноятчиликка қарши кураш борасида давлатимиз раҳбарининг бир қатор фармон ва қарорларида кўрсатилган вазифаларнинг бажарилиши танқидий таҳлил қилиниб, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгиланди, тегишли топшириқлар берилди.
Ҳудудда ўрганиш ишлари жараёнида, ишчи гуруҳ томонидан Фарғона шаҳридаги «Нафосат» маҳалла фуқаролар йиғинига хизмат кўрсатувчи ҳуқуқ-тартибот маскани, 36-сонли умумтаълим мактаби, вилоят кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернати ва шаҳар 3-сектор штаби фаолияти билан яқиндан танишилди. Жойларда профилактика инспекторлари, маҳалла фаоллари, ҳокимларнинг иқтисодий масалалар ҳамда ёшлар бўйича ёрдамчилари ҳамкорлигида амалга оширилаётган ишлар ўрганилди. Аҳолини қийнаётган муаммоли масалалар аниқланиб, уларни бартараф этиш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берилди.

Маълумки, давлатимиз раҳбарининг топшириғи билан республикадаги барча кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари Ички ишлар вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқармаларига бириктирилган. Ишчи гуруҳ Фарғона шаҳридаги мактаб-интернатда яратилган шароитлар, ошхона, ётоқхона, ўқув хоналари, спорт зали ҳамда мусиқа тўгараклари фаолиятини кўздан кечирди. Ўзаро мулоқотлар жараёнида мактабнинг моддий-техника базасини яхшилаш, ўқувчиларни махсус кийим-кечаклар билан таъминлаш борасида таклифлар билдирилди. Шунингдек, кўзи ожиз болалар учун брайль ёзувидаги дарсликлар ва махсус жиҳозлар билан таъминланиши келишиб олинди.
Тадбир давомида Марғилон шаҳридаги “Қашқар” маҳалла фуқаролар йиғинида жиноятчилик аҳволи, криминоген вазиятни барқарорлаштириш, аҳоли бандлигини таъминлаш йўналишларидаги фаолият ўрганилди. Шу ерда Марғилон шаҳридаги ёшлар етакчилари билан учрашув ташкил этилиб, етакчиларнинг зиммасига юклатилган асосий вазифалар ҳақида сўз юритилди. Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, китобхонликка кенг жалб қилиш, улар ўртасида спорт мусобақалари уюштириш, ахборот технологиялари ва тадбиркорликка қизиқтириш орқали жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мумкинлиги алоҳида таъкидланди. Шундан сўнг, шаҳар марказидаги рақамли технологиялар марказидаги тўгараклар фаолияти билан танишилди, у ерда билим олиб, тажриба орттираётган иқтидорли ёшлар билан суҳбатлашилди. Вилоятдаги ўрганишлар жараёнида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг алоҳида ишчи гуруҳи вилоятнинг шаҳар-туманларидаги криминоген вазиятни барқарорлаштириш мақсадида махсус тезкор-профилактик тадбирлар, ИИО ходимлари томонидан хизмат интизоми ва қонунийликка риоя қилиниши ҳамда аҳолининг ижтимоий қатламларига амалий ёрдам кўрсатиш ишларини олиб бормоқда.
Тадбир жараёнида жойларда ўқув дарсларига қатнашмаётган 169 нафар вояга етмаган ўғил-қизлар аниқланиб, уларнинг ота-оналари билан профилактик суҳбатлар ўтказилди ҳамда уларнинг барчаси таълимга қайтарилди. Маҳаллалардаги турмуши ва оиласи нотинч бўлган 19 нафар аёлга ҳимоя ордери расмийлаштирилди. Ишсиз бўлган 22 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланиб, 290 нафар уюшмаган ёш билан профилактик суҳбатлар ўтказилди. Шунингдек, криминоген вазиятни барқарорлаштириш, жиноятчиликка қарши кураш ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикасига қаратилган тадбирлар давомида 27 та жиноий ва 34 та маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланиб, тергов ва суддан бўйин товлаб қидирувда бўлган 9 нафар шахс аниқланиб ушланди, илгари содир этилиб очилмасдан қолаётган 25 та жиноятлар фош этилди.
Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисалари
«ўчоқ»ларини аниқлаш ва йўллардаги вазиятларни яхшилашга қаратилган махсус профилактик тадбирлар давомида 2308 та умумий ҳамда 608 та қўпол йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳолатлари аниқланди. Республика ишчи гуруҳ Фарғона вилоятида ўз фаолиятини давом эттирмоқда.
М. Сулаймонов, ЎзА